Ўзбекистон Жон Хопкинс университетининг соғлик хавфсизлиги маркази, Американинг Nuclear Threat Initiative нотижорат ташкилоти ва Economist журналининг таҳлил маркази томонидан эпидемияларга тайёрлик бўйича тузилган рейтингда 195 ўриндан 82-ўринни эгаллади.
Ўзбекистоннинг умумий индекси 100 баллдан 39 баллни ташкил қилган. Аввалги рейтинг билан солиштирганда, мамлакат ўз позициясини 1,3 баллга яхшилаган.
Рейтинг олтита категория бўйича тузилади: олдини олиш, аниқлаш, реакция, соғлиқни сақлаш тизими, халқаро нормаларга риоя қилиш ва хавфлар.
Мамлакат энг юқори кўрсаткичларни «халқаро нормаларга риоя қилиш» ва «хавфлар» категориясида олган – 62,8 ва 53,3 балл.
Микроорганизмларга қарши кураш сифати ва эмлаш даражаси ҳисобга олинадиган «олдини олиш» категориясида Ўзбекистон 40,6 балл тўплаган. «Соғлиқни сақлаш тизими» бўйича эса (касалхоналарнинг ишлаш сифати, тиббиёт ходимларининг сони, карантин қоидаларини қўллаш имконияти, тиббиётдан фойдалана олиш) – 30,3 балл олган.
Энг паст кўрсаткичлар 28,6 балл билан «реакция» (фавқулодда ҳолатларга тайёрлик, соғлиқни сақлаш органларининг тайёрлик даражаси, савдо ва саёҳатлар билан боғлиқ чекловлар) ва 18,5 балл билан «аниқлаш» категорияларида қайд этилган.
Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон 55-ўрин, Қирғизистон 68-ўрин, Туркманистон 119-ўрин ва Тожикистон 140-ўринни эгаллаган.
Рейтингда биринчи ўринни 75,9 балл билан АҚШ эгаллади. Биринчи бешталикка Австралия, Финляндия, Канада ва Таиланд кирган. Охирги ўринларни эса Шимолий Корея, Йемен ва Сомали олган.