ДУНЁ МЕН УЧУН ЁРУҒ ВА РАНГЛАРГА ТЎЛА

Жамиятимизда шундай аёллар борки, имконияти чекланган бўлишига қарамай, доим ҳаракатда, изланишда. Уларнинг эришаётган муваффақиятлари эса тўрт мучаси соғлом бўла туриб ношукурликда яшаётган айрим аёлларга сабоқ бўла олади.

Мана шундай аёллардан бири, иккинчи гуруҳ ногирони Муҳҳарам Абдураҳимова. Ҳозирда Наманган вилояти Учқўрғон туманида истиқомат қилиб келаётган бу аёл, ўзи ижтимоий кўмакка муҳтож бўлса-да, ўзи каби инсонларни иш билан таъминлаш мақсадида тўқувчилик ўқув марказини очгани алоҳида таҳсинга лойиқ.

Муҳаррам Абдураҳимова Учқурғон тумани касб-ҳунар коллежи қошидаги тўқув цехини жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб юритиб келмоқда. Муҳаррам опани туғилгандан буён кўзи ожиз, шундай бўлсада оёқ кийим, боллалар учун кийимлар, машина чехоллари, жемфер ва шунга ўхшаш 20 турдаги маҳсулотларни тайёрлаб, жамият учун наф келтирмоқда. Опа учун энг қийини маҳсулот учун ип рангини танлаш, лекин бу борада ҳам аёлга шогирдлари ва цех ишчилари ёрдам беришади.

“Мен учун кун ёруғ бўладими ёки қоронғу бўладими фарқи йўқ. Қўлларим ўрганиб кетган. Ахир бу иш билан 11 ёшимдан буён шуғулланаман” -, дейди Муҳаррам опа.

Болаликдан ўрганилган ҳунар

Жуда ёш, кичкина бир қизча эдим. Лекин ич-ичимдан бир ҳунар эгаси бўлиш иштиёқи бор эди. Шу боис мактабда ўқиб юрган пайтларимда ўқитувчилар ва шу ҳунарни биладиган инсонлар кўмаги билан тўқишни ўргандим. Шунингдек, тўқишни интернет тармоқлари орқали ҳам сабр-бардош билан  ўқиб, мукаммал ўрганиб олишга ҳаракат қилдим ва бундан ҳеч қачон афсусланмайман.

Қайта шогирд бўлган устозлар

Ҳар бир ишнинг ўзини машаққати ва синовлари бўлади. Инсон бунинг учун ўзи ҳаракат қилса, менимча уддалай  олади. Шундай ҳолатлар бўлдики, ўзимга устозлик қилган ўқитувчиларим, кейинчалик тўқувчиликнинг сир-синоатларини ўрганиш учун қайта ўзимга шогирд бўлишди.

Ёшлигимдан ҳунар ўрганишга киришганман. Жуда қийинчилик билан тўқишни ўргандим, оиламга ёрдам бўлсин деб ишлардим ҳам.

Тирикчиликка айланган ҳунар

Отам вафот этгандан сўнг, турмушнинг бор юки, оғирлиги мен ва онамнинг елкамизга тушди. Оилада тўнғич фарзанд бўлганлигим учун онамга ёрдам бўлсин дея оиламизга пул келтириш учун тинмай меҳнат қилганман. Укаларим қийналмасин, еб-ичишдан ками бўлмасин деб, кеча-ю кундуз тўқувчилик қилиб, пул топиб, ҳатто уларга тўй ҳам қилиб бердик. Аввал укаларим оилали бўлишди, сўнг мен ҳам турмуш қуриб фарзандли бўлдим.

Шу ҳунарим орқасидан ҳатто турмуш ўртоғимга ҳам рўзғор тебратишда ёрдам бераяпман. Турмуш ўртоғимнинг ҳам ишлашга имконияти йўқ. Улар ҳам иккинчи гуруҳ ногирони бўлгани боис бирон марта уларга пул топиб келинг, деб айтмаганман. Баҳоли қудрат ўзим меҳнат қилиб тўқиб, пул топишга ҳаракат қилдим. Турмуш ўртоғим мен жуда ҳурмат қилади, ҳар гапларида яхши ҳам сен борсан, деб айтади.

Ёнимга кирган дастёрларим

Мана шу ҳунаримиз, меҳнатимиз орқасидан ҳалол пул топиб уч фарзандимизни катта қилдик. Ҳозир болаларим ўқияпти. Иккичи ўғлим санъат лицейисни битириб, институтга ўқишга киришга тайёрланаяпти, яхши ўқийди. Иқтидорли, тиришқоқ бола. Катта фарзандим ҳам савдо соҳасида ишлайди. Борда ҳам, йўғида ҳам сабр қила олдик, яшаш учун, ўз мақсадларимиз учун ўзимиз қаттиқ ҳаракат қилдик. Ҳеч кимдан ёрдам сўрамадик.

Давлат рўйхатидан ўтган ўқув маркази

Биз ўзимиз жуда кўп машаққат ва қийинчиликлар билан ҳаёт йўлимизни топганлигимиз учун бошқа инсонларни биз каби қийинчилик ва синовлар домида қолмасдан, аксинча қийинчиликсиз яхши ҳаёт гаштини сурсин дейман. Шунинг учун ёрдамга муҳтож бўлган инсонлар учун ўқув марказимизда ҳунаримизни ўргатиб келмоқдамиз. Меҳнат қилганга Аллоҳ ҳам барака берар экан.

Ўзимизга яраша мижозларимиз бор, келишади, нима маҳсулот керак бўлса айтишади, биз эса ўша мижоз хоҳлаган маҳсулотни айтилган вақтда ва сифатли қилиб тайёрлаб берамиз. Бозорбоп маҳсулотларимизни одамлар дидидан келиб чиқиб, қайси товарга эҳтиёж кўп бўлса, ўша нарсаларни тайёрлаб, савдога олиб чиқамиз. Буларнинг барчаси меҳнат қилаётган аёлларимиз фойдаси учун. Мақсадимиз, шу ердан умид қилиб, ишлаб пул топиб, бола чақамни боқаман, деб ҳаракат қилаётган аёллар даргоҳимиздан норизо бўлиб кетмасин.

Имтиёзлар имконияти

Ўқув марказини жойни олиш учун бормаган жойим, кирмаган эшигим қолмаган. Жуда кўп ташкилотларга бориб, раҳбарлари билан учрашганман. Фақат ижарага берилади деб айтган.

Лекин барча қийинчиликлар орқасидан яхшиликлар ҳам бўлар экан. Бу жойни олишим учун Учқўрғон ҳокимлигимиз томонидан катта ёрдам берилди. Замонавий станокми ёки бошқа жиҳозларми ҳаммасини олиб бериляпти. Бунақа жиҳозланган жойни ўзим қилишим қийин эди.

Давлат томонидан берилаётган имтиёзларни тушунтириб беришди ва Учқўрғон ҳокимлиги депутат аёлларга ва масъул шахсларга топшириқлар бериб, мени шу даражага эришишимга ёрдам бериб келмоқда. Бугунги кунда фаолиятимни анча йўлга солиб олганман, бунинг учун ҳокимлик ходимларига катта раҳмат.

Меҳнат фаолиятимни бошлаган чоғимда роса ҳаракат қилиб, жой топа олмаганман. Ҳозирда ҳокимлигимиз томонидан берилган имтиёзлар туфайли ўқув марказ учун берилган жойга ижара пул ҳам, солиқ ҳам тўламайман. Барча тўловлардан озодман.

Мавсумга мос маҳсулот

Асосан мавсумга қараб фаолият юритамиз. Қишда қишки пойафзал ишлаб чиқарамиз. Бугунги кунда кетадиган махсулотлардан қўғирчоқлар, оёқ кийимлар ишлаб чиқаряпмиз. Тайёрланган маҳсулотларимизни сотиб, яна қишки мавсум учун кийим-кечаклар тайёрлаяпмиз. Қишгача янги станокларни ўрганиб, ишга туширишни мақсад қилиб турибмиз. Бнинг учун эса бизга маҳсулот керак бўлади. Ҳозирча нима тикаётган бўлсак, шуни сотувга чиқаряпмиз. Кўпроқ ясаган қўғирчоқларимиз сотиляпти. Маҳсулотларимиздан иплар олиб келиб ўрганувчиларига станокларда тўқишни ўргатаяпмиз. Тайёрланган маҳсулотларимизни катта бозорларга чиқазиш ниятимиз ҳам бор.

Маҳсулотнинг соф фойдаси

Биз маҳсулотларни турларига қараб сотамиз, уларнинг ҳар биридан 25 000, 40 000 сўмдан фойда қолади. Сифатига қараб сотамиз. Асосан янги станокларимизда ишлаб чиқаришга ҳаракат қиляпмиз. Чунки, сифати яхши бўлади. Бу ҳунаримизнинг яхши томони уйда ўтириб ишлаймиз, бу аёлларимиз учун жуда қулай. Улар уй ишларини қилишга ҳам улгурадилар, ҳам даромад қиладилар. Иш бошлашда мени ўзим ҳам худди шундай қилиб пул топганман. Цехимизда 10 та тўқув станоклар ўрнатилган. 10 нафар ишчимиз бор, уларнинг ичида ногиронлари ҳам, соғломлари ҳам бор. Яна 8 нафар шогирдларимизни иш билан таъминлаш мақсадида ўқитиб келяпмиз. Шу вақтгача на бола пули, на ёрдам пули беринг деб бирор эшикка бормаганмиз, чунки, ўзимизнинг ҳунаримиз, яхши кўрган ишимиз бор.

Яхшиям сен борсан…

Ҳеч қачон тўқиган нарсам ёмон чиқса, ачиниб, сиқилиб, тўхтаб қолмаганман. Ўзимга –ўзим бир марта ёмон чиқдику, бошқаси яхши бўлади деб, тинимсиз меҳнат қилиб, ҳаракат қилганман. Иқтисодий томондан муаммо бўлмаса, ҳеч қандай муаммо бўлмайди, деб ўйлайман.

Уч фарзанднинг онасиман болаларим ўғил бола бўлса ҳам ёшликларидан бошлаб, ёнимда туриб, ёрдам бериб кийим-кечаклар тўқиган. Мен тадбиркорман, мавқеим кўртарилганидан хурсандман. Одамларга иш ва ризқ беряпман ва яна шогирдларим кўп.

Куч ғайратга тўламан. Болаларимни олий ўқув юртларида ўқитаман. Фаолиятимга берилаётган энг олий баҳо бу менинг турмиш ўртоғимнинг ҳар гапларидаги “яхши ҳам сен борсан” деб айтган сўзлари.

ВИДЕО:

Шойира НУСРАТОВА
тайёрлади