Қандай ҳолларда ҳимоя ордери берилади?

САВОЛ:

Кейинги пайтда оилавий зўравонликдан жабр кўрганлар ҳимоя ордери билан таъминланиши ҳақида тез-тез гапириляпти? Бу ҳужжат қайси ҳолатларда берилади?

К. Ботирова, Андижон вилояти

ЖАВОБ:

Аввало, жабрланувчи аёл киши бўлиши ҳамда у тегишли тартибда ички ишлар органларига ариза билан мурожаат қилиши керак. Ички ишлар органлари тазйиқ ва зўравонлик тўғрисида оғзаки ёки ёзма хабар олганда, бундай ҳаракатларга чек қўйиш ва уларнинг олдини олиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган якка тартибдаги чора-тадбирлар кўриши шарт.

Юқорида зикр этилганидек, ҳимоя ордери тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи хотин-қизларга тақдим этилади. Мазкур ҳужжатнинг нусхаси эса тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахсга берилади.

Ҳимоя ордери билан таъминланган аёлга нисбатан яна қандайдир зўравонлик ишлатилса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 206-1-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилади. Мазкур модда билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 3 бараваригача ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланилади.

Саволга жиноят ишлари бўйича Бўстон тумани суди раиси Ҳусниддин Камолов жавоб берди.