Фото: UzAuto Motors матбуот хизмати

Номаълум шахслар UzAuto Motors учун мўлжалланган катта миқдордаги пўлат листларни ўғрилади

12 июнь куни Асакадаги заводга етказилган юкда Россиянинг «Северстали» компанияси ишлаб чиқарган пўлат листларнинг бир қисми етишмаётганлиги аниқланди, дея хабар қилди UzAuto Motors матбуот хизмати.

Юк вагонлари заводга кириш пайтида кўрикдан ўтказилганида, вагондаги юклардан бирининг қадоғи бузилгани маълум бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан UzAuto Motors комплаенс хизмати томонидан ўтказилган хизмат текшируви натижасига кўра, вагонга ортилган пўлат листларнинг бир қисми компанияга етиб келгунга қадар, номаълум шахслар томонидан ўғрилангани аниқланди.

Ишлаб чиқариш стандартларига мувофиқ, ушбу талон-торож қилинган пўлат листлар меъёр сарфига мувофиқ,2030 та Chevrolet Nexia-3, 871 та Gentra ёки 970 та Labo автомашиналари кузов қисмларини ишлаб чиқариш учун ишлатилган бўларди, дея маълум қилди компания.

Ушбу ҳодиса юзасидан ўтказилган хизмат текшируви натижасида тўпланган барча материаллар айбдор шахсларни аниқлаш учун, ҳамда юклар ташилишида уларнинг хавфсизлиги ва самарали қўриқланишига масъул бўлган ИИВнинг транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлинмалари ходимларининг хизмат вазифаларини қонуний бажарганлигига ҳуқуқий баҳо бериш учун Ўзбекистон Транспорт прокуратурасига юборилди.

Шу билан бирга, компания тузилган шартномалар бўйича барча мажбуриятлар бажарилишини кафолатлашини таъкидлади. «Ушбу воқеа мижозларга автомобилларни етказиб бериш муддатига таъсир қилмайди», — дейилади хабарда.