Антимонополия қўмитаси нарх-наво ўсишини жиловлаш мақсадида биржада пахта ёғини сотиб олишни чеклади

Монополияга қарши курашиш қўмитаси пахта ёғи ва чигит нархини шаклланиши устидан назоратни кучайтираяпти, деб хабар бермоқда қўмита матбуот хизмати.

Қўмита маълумотларига кўра, пахта ёғи нархининг ошишига асосий сабаб — бу ёғ ишлаб чиқарувчи давлатлардаги кунгабоқар ёғи нархининг кўтарилишидир.

Бироқ, МҚКҚ томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида маҳаллий ишлаб чиқарувчи хўжалик юритувчилар томонидан «Рақобат тўғрисида»ги қонун бузилиш аломатлари борлиги аниқланди. Қўмита улар мавжуд вазиятдан фойдаланиб, уруғлар нархини асоссиз ошириб юбориши ёки бозорда унинг таъминотини сунъий равишда жиловлаши мумкин деб ҳисоблайди.

«Хусусан, қўмитада ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан товар бозорида ўзаро рақобатчи бўлган пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперациялари ўртасида келишиб олинган ҳаракатлар ва келишувлар бор ёки йўқлиги аниқлаштирилмоқда. Келишувлар аниқланган ҳолда уни орқасидан сунъий равишда нархларни белгилашга ёки сақлаб туришга, ишлаб чиқариш ва маҳсулот сотиш бозорлари устидан назорат ўрнатишга, таклиф ҳажмини сунъий равишда ўзгартириш мақсадида ишлаб чиқариш ҳажмларини келишиб олишга қаратилган ҳаракатлар мавжудлигини аниқлаш юзасидан чуқур таҳлил ўтказиляпти», — дейилади хабарда.

МҚКҚ пахта ёғи нархларининг ўсишини олдини олиш учун битта харидор томонидан пахта ёғини 3 тоннадан кўп бўлмаган миқдорда товар ва хом ашё биржасида сотиб олиш ҳажмини чеклади.

Қўмитанинг огоҳлантиришича, рақобатга зид бўлган ҳаракатлар аниқланган тақдирда, Монополияга қарши курашиш қўмитаси компания ва шахсларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда ҳамма зарур чораларни кўради.