Ўзбекистондаги тиббиёт ходимлари назарида 2020 йил Сovid-19 пандемияси соясида ўтди. 15 март, соат 6.00. Вирусология Институти лабораториясида Франциядан қайтган Ўзбекистон фуқаросида илк бор Covid-19 коронавируси аниқланди.
Шу куниёқ Covid-19 вирусини Ўзбекистонга олиб кирилиши ва тарқалиши бўйича Республика Махсус Комиссияси раҳбари, бош вазир Абдулла Арипов Ўзбекистон бошқа давлатлар билан ҳар қандай алоқаларни тўхташини эълон қилди. Давлат ташкилотларидаги оммавий тадбирлар ва йиғилишлар бекор қилинди. Ўқув муассасалари масофадан туриб ўқитилиш тизимига ўтказилди. Тиббий ниқоблар ишлаб чиқариш 10 баробарга оширилди. Шу дақиқадан бошлаб Ўзбекистондаги барча тиббиёт ходимлари эпидемияни назорат қилишга сафарбар қилинди.
14 МАРТ 2021 ЙИЛ ҲОЛАТИГА КЎРА ДУНЁ БЎЙИЧА вирус билан асалланганлар сони 119 миллион 281 кишини ташкил этди, шу билан бирга ушбу вирусдан 2 миллион 653 минг 641 киши вафот этди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мълумотларига кўра, Ўзбекистонда 14 март куни коронавирус юқтириб олганлар сони 111 кишини, ўтган йилнинг 15 март кунидан буён эса касалланганларнинг умумий сони 80678 кишини ташкил этди, коронавирусдан тузалганлар сони эса расмий маълумотларга кўра, 79331 кишидан иборат бўлди. Ҳозирги пайтда коронавирусдан даволанаётганлар сони 725 нафар, улардан 141 нафарининг аҳволи оғир, 23 бемор эса ўта оғир аҳволда.
Ўзбекистон Республикасида шифокорларнинг умумий сони 84,1минг кишини ташкил этади, улардан 51,4 фоизи (43,2 минг) аёллар ва 48,6 фоизи (40,9 минг) эркаклардир. Эркак ва аёл шифокор-мутахассисларнинг асосий қисми Тошкент шаҳрида кузатилади, қиёсан – 6842 та эркаклар ва 12325 та аёллар.
2020 йилнинг июль ойида Covid-19 га қарши кураш штаби аъзоси профессор Хабибулло Оқилов https://www.gazeta.uz/uz/coronavirus/ нинг сўзларига кўра, “Ўзбекистонда 540 нафардан зиёд тиббиёт ходимлари коронавирус инфекциясини юқтириб олдилар. Улардан 2 киши Covid-19 туфайли вафот этгани расман қайд этилди”.
Тошкентлик шифокор гастроэнтеролог Гулнора Имомназарова коронавирусдан вафот этган тиббиёт ходимларига оид шахсий рўйхатини тузиб чиқди. Бу рўйхатда 42 нафар тиббиёт ходимларининг номлари бор. (https://www.facebook.com/1781453918/posts/10213598523275690/)
2020 йил 3 сентябрда Amnesty International тадқиқот натижаларини эълон қилиб, https://archive.is/7Nct1 дунё бўйича пандемия туфайли вафот этган тиббиёт ходимларининг сони 7 мингдан ортиқ эканини эътироф этди. Ушбу тадқиқотда иштирок этган 63 мамлакат ва минтақаларнинг деярли барчасида пандемияга қарши курашган тиббиёт ходимлари шахсий ҳимоя воситалари билан етарлича таъминланмагани аниқланган. Сентябрь ойида ўтказилган сўровномага кўра, биргина Мексиканинг ўзида тахминан 1320 та тиббиёт ходимлари вафот этган.
Пандемия даврида касалланиш ва ўлим ҳолатлари энг юқори бўлган АҚШда 1077 нафар, Бразилияда эса 634та тиббиёт ходимлари қурбон бўлдилар. Amnesty International маълумотига кўра, Жанубий Африкада 240 нафар, Хиндистонда эса 573 нафар тиббиёт ходимлари дунёдан кўз юмган.
Мен – Шохида Матфозилова, 1974 йилда туғилганман. Тиббиёт ҳамшираси сифатида умумий иш стажим – 20 йил. Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида яшайман ва ишлайман.
Мен Ўртасарой (Тошкент вилояти)даги карантин марказида 14 кун ишладим. Ўнгра юқумли касалликлар шифохонасида ҳам ишладим. Ковид марказида ишлаганимнинг бир неча сабаблари бор. Асосий сабаби: Ковид жараёнининг қандай кечишини ўз кўзим билан кўрмоқчи бўлдим. Касаллик симптомлари ва албатта моддий жиҳати ҳам менга қизиқ туйилди.
Бир вақтнинг ўзида ҳам қўрқдим, ҳам қўрқмадим. Ковид марказида Рентген тасвири билан шуғулландим. Эрталаб соат 8:00 дан 17:00 гача ишладим. Эрталаб кийиниб, кейин беморларни рентгенга тушира бошлардим.
Биринчи ўлимни кўрганимда тўғриси озроқ шокка тушдим. Аслида биз тиббиёт ходимлари учун ўлим кутилмаган ҳолат эмас. Шунга қарамаслан барибир бироз қўрқдим. Чунки бугун бор инсон эртага йўқ бўлиб қолиши…
Беморларнинг руҳи тушиб кетганди. Уларда жуда кучли қўрқув бор эди. Биз уларга “Йўқ, ўзингизни қўлга олинг. Бу касаллик билан кўпчилик касалланяпти, кейин тузалиб кетяпти”, деб далда берардик. “Соғлиғингизни, сизни кутаётган инсонларни ўйланг”, деб шу тарзда суҳбат олиб борардик. Уларнинг руҳиятига яхши таъсир кўрсатиши учун ” Сиз ҳеч ҳам хавотир олманг, бу тузалмайдиган касал эмас. Тузалиб кетасиз”, дердик.
Ўзим Коронавирус касаллиги билан касалландимми, йўқми, буни аниқ айта олмайман. Чунки топширган тестларимнинг ҳаммаси манфий чиқди. Тест топширган вақтимда касаллангандим, деб айта олмайман. Касаллик симптомлари бўлди, лекин сезиларли даражада эмас. Бу нарсадан ҳаёт жуда қисқалигини англадим.
Асосий мен учун сабоқ бўлган нарса яқинларимизнинг қадрига етишимиз керак экан. Айниқса, ота- оналаримизни. Уйга қайтиб, онажонимнинг қадрини билдим. “Онажоним, бахтимизга омон бўлинг,” дедим.
Ковид марказида ишлаганимдан кейин ҳаётга бошқача қарайдиган бўлдим. Арзимаган нарсаларга эътибор бермаслик кераклигини, энг қимматлиси ҳаёт эканини ўргандим. Ҳаёт жуда ҳам гўзал ва бебаҳо эканлиги билдим. Ҳозирда болалар шифохонасида рентгенда бўлимида ишлаяпман. Ҳаётим олдингидек. Фақат ҳаётга қарашларим ўзгарди.
COVID – 19 касалларини даволаган, кейинчалик ўзи ҳам касалликка чалинган Нодира Султонованинг бошидан кечирганлари (Шифокорни исми узгартирилган ўзини ҳоҳишига кўра).