Инновацион тиббий хизмат — давр талаби

Бугунги кунда бирор бир соҳанинг давр талабларига мос равишда ривожланишини замонавий инновацион технологияларсиз асло тасаввур қилиб бўлмайди. Айниқса, бизнинг асосий бойлигимиз — халқимиз саломатлигини асраб-авайлаш, келажак авлоднинг соғлом ўсишини таъминлашга масъул бўлган соғлиқни сақлаш соҳасига инновацион технологияларни жорий этиш орқали халқаро стандартлар даражасида аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш ўта долзарб ва кечиктириб бўлмайдиган масала ҳисобланади.

Очиғини айтганда, ривожланган давлатларнинг тиббий хизмат кўрсатиш борасидаги илғор тажрибалари юртдошларимизда айрим касалликлардан фориғ бўлиш учун хорижда даволаниш истагини ҳам пайдо қилаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Республикамизни ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олиши, жумладан, тиббиёт соҳасини ҳам тараққиётнинг янги босқичида инновацион ривожлантиришни талаб этмоқда. Соғлиқни сақлаш тизимида халқаро ҳамкорликларни кенгайтириш, бу борада ҳуқуқий асосларни тубдан такомиллаштириш, умуман, ҳали қилинадиган ишлар олдинда эканлиги тобора аён бўлмоқда.

Маълумки, кейинги йилларда соғлиқни  сақлаш соҳасини ислоҳ қилишга доир бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, амалиётга татбиқ этиб келинмоқда.

Аммо таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, республика соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишда соғлиқни сақлашни бошқаришнинг хорижий мамлакатларда қўлланилаётган муваффақиятли тажрибаси ва аниқ инновацион моделлари лозим даражада ҳисобга олинмаётганлиги соҳага инвестицияларни жалб этиш ва халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини бермаяпти.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 2 август кунги “Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур соҳадаги ислоҳотлар жараёнида том маънода туб бурилиш бўлди, десак асло муболаға қилмаймиз. Аввало, ушбу қарорда  мамлакатимизда соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этишнинг стратегик мақсадлари аниқ белгилаб берилди. Соҳада ислоҳотларга тўсиқ бўлаётган омиллар таҳлил этилди. Хусусан, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегиянинг мавжуд эмаслиги оқибатида ушбу соҳадаги ислоҳотлар тўлиқ бўлмаган шаклда ва тизимсиз тарзда олиб борилаётганлиги аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлиги ва сифатини ошириш имконини бермаяпти. Шунингдек, инновацион ишланмалар ва технологиялардан фойдаланиш даражасининг пастлиги боис тиббий ёрдамни ташкил этишга замонавий услуб ва ёндашувлар жорий қилинмаяпти.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий-тадқиқот институти ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ташкил этилиб, унинг асосий вазифалари белгилаб берилганлиги соғлиқни сақлаш соҳаси тараққиётида мутлақо янги босқични бошлаб берди.

Республика соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш стратегиясини, илғор халқаро стандартлар ва жаҳондаги энг яхши амалиётни ҳисобга олган ҳолда соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш, мамлакат соғлиқни сақлашни бошқариш тизимига, шу жумладан, тиббиёт ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш ва назорат қилиш масалаларида хорижнинг энг яхши амалиётини мослаштирилган тарзда жорий этишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиш, хусусий, энг аввало, тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини фаол жалб қилиш, хорижий (халқаро) тиббиёт ва бошқа ташкилотлар билан соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш, соҳани етук кадрлар билан таъминлашга доир масалалар ушбу Миллий палата олдида турган долзарб вазифалар эканлиги алоҳида таъкидланди.

Сир эмаски, аҳолининг жойларда кўрсатилаётган тиббий хизматдан кўнгли тўлмаётгани, шифокорларга ҳақли эътироз пайдо бўлган ҳолатлар мавжуд. Шу маънода мазкур Миллий палата тиббиёт ходимларининг обрўсини, ушбу касб нуфузи ва мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимига бўлган ишончни ошириш, тиббиёт ходимларига одоб-ахлоқ қоидаларини сингдириш, коррупция кўринишларига барҳам бериш ва уларнинг олдини олиш, шунингдек, уларнинг касбий фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш чораларини кўриши айни муддаодир.

Шуни таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг мазкур қарори мамлакатимиз келажагини инновацион иқтисодиётда, деб билган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг дастурий ғояларига ҳамоҳанг эканлиги партиямиз ташкилотлари олдига алоҳида масъулиятли вазифаларни қўймоқда. Шу билан бирга, мазкур ҳужжат аҳолига тиббий ёрдам сифатини ошириш, инновацион технология ва ишланмаларни тараққий эттиришга доир дастурий вазифаларимизни рўёбга чиқаришда дастуриламал ҳисобланади. Партиямиз электоратининг асосий қисми тиббиёт ходимларидан иборат эканини назарда тутсак, соҳа тараққиётининг янги босқичида сафдошларимиз туб ислоҳотларни ҳаётга оғишмай татбиқ этишда алоҳида фаоллик кўрсатиши зарурлигини чуқур англаймиз.

Мухаррам ДАДАХЎЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси аъзоси.