САВОЛ:
Ходимлар сони (штати) ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқариши муносабати билан иш берувчи ташаббусига кўра ходимлар билан меҳнат шартномасини бекор қилмоқчимиз. Иккита ходим бир хил лавозимда ишлаяпди. Битта иш ўрнини қисқартиришимиз керак. Қайси кўрсаткичларга кўра битта ходимнини ишдан бўшатамиз?
Д. ХОЛИКОВА, Фарғона шаҳри.
ЖАВОБ:
Мазкур масала МКнинг 103-моддаси билан тартибга солинган.
Технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқариши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишда қолдириш учун имтиёзли ҳуқуқ малакаси ва меҳнат унумдорлиги юқорироқ бўлган ходимларга берилади.
Малакаси ва меҳнат унумдорлиги бир хил бўлган ходимлардан қуйидагиларига афзаллик берилади:
1) қарамоғида икки ёки ундан ортиқ киши бўлган ходимларга;
2) оиласида ундан бўлак мустақил иш ҳақи олувчи бўлмаган шахсларга;
3) мазкур корхонада кўп йиллик иш стажига эга бўлган ходимларга;
4) ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларида тегишли мутахассислик бўйича малакасини ошираётган ходимларга ва ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларини тамомлаган шахсларга ўқишни тугатгандан сўнг мутахассислиги бўйича ишлаётган тақдирда икки йил мобайнида;
5) мазкур корхонада меҳнатда майиб бўлиб қолган ёки касб касаллигини орттирган шахсларга;
6) уруш ногиронлари, уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахсларга;
7) атом объектларидаги фалокатлар оқибатида оширилган радиация нурланиши билан боғлиқ нурланиш касаллиги ва бошқа касалликларга йўлиққан ёки шундай касалликларни бошидан кечирган шахсларга; ногиронлиги атом объектларидаги фалокатлар муносабати билан бошланганлиги аниқланган ногиронларга; ана шундай фалокатлар ва ҳалокатлар оқибатларини бартараф этиш ишлари қатнашчиларига, шунингдек мазкур зоналардан эвакуация қилинган ёки кўчирилган шахсларга ҳамда уларга тенглаштирилган бошқа шахсларга.
Бундан ташқари корхонанинг жамоа шартномасида ходимларни ишда қолдиришда афзаллик бериладиган бошқа ҳолатлар назарда тутилиши мумкин. Бу ҳолатлар, агар ходимлар ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларига мувофиқ ишда қолдиришда афзаллик ҳуқуқига эга бўлмаган тақдирдагина, инобатга олинади.
Саволга ҳуқуқшунос Камолиддин Тилябоев жавоб берди.