Молия вазирлиги томонидан тайёрланган навбатдаги ахборот нашри 2021 йил учун бюджет тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади.
2021 йил учун бюджет асосини ташкил этадиган макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози нашрнинг биринчи бўлимида берилган. Унда пандемия билан боғлиқ вазиятни босқичма-босқич яхшилаш назарда тутилмоқда – 2021 йил охирига келиб мамлакатда иқтисодий фаоллик ва талаб даражасини инқироздан олдинги даврдагига етказиш прогноз қилинмоқда.
Бюджетни режалаштиришда энг муҳим жиҳат фискал стратегия ҳисобланади, нашрнинг иккинчи бўлими шунга бағишланган. 2021–2023 йилларга мўлжалланган фискал стратегияда 2021 йилда Давлат бюджети ижросини амалга ошириш шартлари ва 2022–2023 йиллар учун бюджет йўналишлари белгиланади.
Нашрнинг асосий қисми бюджет даромадлари, харажатлари ва дефицитини прогнозлашга бағишланган. Давлат бюджети даромадлари прогнози тушумлар манбалари кесимида тақдим этилган. Шунингдек бўлимда асосий солиқларнинг бюджетга келиб тушишига таъсир кўрсатувчи омиллар кўриб чиқилади. 2021 йилда кутилаётган иқтисодий фаолликнинг тикланишини, шунингдек барча тоифадаги даромадлар бўйича (ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ва бошқа даромадлар бундан мустасно) солиқ сиёсатидаги ўзгартиришларни ҳисобга олган ҳолда тушумлар даражасининг ўсиши прогноз қилинмоқда.
2021 йилда бюджет харажатлари ижтимоий йўналишини сақлаб қолади, бу коронавирус пандемиясидан чиқиш даврида аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш учун зарурий чора ҳисобланади. Бюджетда режалаштирилган тузилмавий ислоҳотларни давом эттириш учун маблағлар назарда тутилган.
2021 йилда иқтисодиётни ҳамда бюджет даромадларининг ўсиш даражасини босқичма-босқич тиклаш шароитларида Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг ЯИМга нисбатан 2,5% дефицити прогноз қилинмоқда. Бюджет ҳолатини тўлиқ баҳолаш учун нашрда Консолидациялашган бюджет кўрсаткичлари келтирилмоқда, унинг дефицити ЯИМга нисбатан 5,4% миқдорида прогноз қилинмоқда, шунингдек бюджет дефицитини қоплаш манбалари кўрсатилмоқда.
Якунда ўқувчилар давлат қарзи тўғрисидаги маълумотлар билан танишишлари мумкин, у ўсиш даражаси ортишига қарамай, макроиқтисодий барқарорлик учун мақбул даражада сақланиб қолмоқда. Жорий йилда давлат қарзини ўз вақтида ва тўлиқ сўндириш мақсадида Молия вазирлигининг Ғазначилиги ҳузурида Давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича Кафолат жамғармаси ташкил этилган.
«Ўзбекистонда барқарор ривожланишни молиялаштириш» қўшма лойиҳасини амалга ошириш доирасида «Фуқаролар учун 2021 йилги бюджет» уч тилда: ўзбек, рус ва инглиз тилларида ишлаб чиқилган.
Бу фуқаролар учун бюджет бўйича жорий йилдаги учинчи нашрдир. Аввалги иккита нашр 2019 йилдаги бюджет ижросига ҳамда 2020 йилда қабул қилинган бюджетга бағишланган эди. Шу тариқа, ўқувчилар мамлакат бюджети билан бюджет жараёнининг барча босқичларида: Олий Мажлисга тақдим этилган бюджет лойиҳасидан бошлаб унинг ижросига қадар мунтазам равишда танишиб боришлари мумкин.