“Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги Қонун маъқулланди

Ялпи мажлисда сенаторлар томонидан “Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди.  

Бошқариш усулини танлаш эркинлиги, ўзини ўзи бошқариш, коллегиаллик, очиқлик ва ошкоралик, ташкилий ва молиявий жиҳатдан мустақиллик, жойларнинг мулкдорлари олдида мунтазам ҳисобдорлик кўп квартирали уйларни бошқаришнинг асосий принциплари ҳисобланади.

Бундан ташқари, Қонунда кўп квартирали уй ва умумий мол-мулк каби тушунчалар очиб берилмоқда. Жумладан, кўп квартирали уйга туташ ер участкасига ёхуд бундай уйдаги умумий фойдаланиладиган жойларга мустақил чиқиш йўлакларига эга бўлган икки ва ундан ортиқ квартиралар кўп квартирали уй деб эътироф этилади.

Кўп квартирали уйдаги умумий жойлар, таянч ва тўсиқ конструкциялар, квартиралар оралиғидаги иҳоталанган пиллапоялар, зинапоялар, лифтлар, лифтнинг шахталари ҳамда бошқа шахталар, даҳлизлар, техник қаватлар, ертўлалар, чердаклар ва томлар, уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари, жойларнинг ташқарисида ёки ичида жойлашган ҳамда биттадан ортиқ жойга хизмат кўрсатадиган механик, электр, санитария-техника ускуналари ва қурилмалари ҳамда бошқа ускуна ва қурилмалар умумий мол-мулкдир.

Белгиланганидек, кўп квартирали уйга туташ ер участкаси маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади, кўп квартирали уйни бошқариш усули кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг умумий йиғилишида белгиланади. Бунда Қонунга кўра умумий мол-мулк, агар унинг бошқа шахсга берилиши ёки фойдаланиш учун ўтказилиши бошқа мулкдорларнинг ўз мулк ҳуқуқларини амалга оширишини чеклайдиган бўлса, бошқа шахсга берилиши ёхуд бир ёки бир нечта мулкдорга ёки бошқа шахсларга фойдаланиш учун ўтказилиши мумкин эмас.

Қайд этилишича, Қонун узоқ ва яқин хориж мамлакатлари тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган, бу эса унинг самарадорлиги ва таъсирчанлигини таъминлайди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.