Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан 6 август куни иккинчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳаси жарималарни 15 кун ичида тўлаганларга 30 фоизлик чегирма тақдим этишни кўзда тутади. Бу бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги модда киритилмоқда, дея хабар қилди Қонунчиик палатаси депутати Расул Кушербаев ўзининг Telegram-каналида.
Кодексга янги киритилаётган 332−1 моддага кўра:
маъмурий жарима суд томонидан тайинланганда;
жарима солиш тўғрисидаги қарор хусусида шикоят берилган ёки протест берилганда;
ҳудди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилганда ушбу тартиб қўлланилмайди.
Ўтган даврда ички ишлар органлари томонидан солинган жарималарнинг ихтиёрий равишда тўланган кўрсаткичлари баланд эмаслиги маълум бўлди. Бу кўрсаткич 2017 йилда 43 фоизни, 2018 йилда эса 55 фоизни ташкил этган.
Хорижий мамлакатлар қонунчилигида (Англия, Франция, Испания, Италия, Россия, Қозоғистон каби) ҳуқуқбузар жариманинг 70 ёки 50 фоизини қонунчиликда белгиланган муддатда (жойнинг ўзида ёки 7, 15, 20 ёҳуд 21 кунда) тўласа жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилиниши белгиланган.
Ушбу қонун лойиҳаси қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради ҳамда мазкур қонун кучга киргандан сўнг чиқарилган жарима солиш тўғрисидаги қарорларга тадбиқ этилади.
«Йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ жарималарни тўлаш масаласи фуқароларни нисбатан кўпроқ безовта қилишини инобатга олиб, кемералар билан боғлиқ жараёнда муаммолар келиб чиқмаслиги учун лойиҳа устида кўпроқ тортишишга тўғри келди», — деди депутат.