«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати фуқаролар томонидан кўтарилган таклиф, масала ва муаммоларга тезкорлик билан муносабат билдириш ва ҳал этиш учун, шу орқали уларнинг давлат органлари билан самарали мулоқот ўрнатиш механизмини яратиш мақсадида «Тараққиёт стратегияси» маркази билан ҳамкорликда махсус «Жамоатчилик» онлайн-платформасини ишга туширди.
Платформа ўз олдига фуқаролар ва кенг жамоатчиликнинг амалга оширилаётган ислоҳотлардаги иштирокини кенгайтириш, уларни давлат ва жамият бошқарувига фаол жалб қилиш, давлат идоралари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, уларнинг аҳоли олдида ҳисобдорлигини янада ошириш каби мақсадларни қўйган.
Мазкур платформа орқали ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этишда фуқароларнинг иштирокини кенгайтириш, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, давлат дастурлари ҳамда давлат органларининг бошқа қарорларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш бўйича таклифлари қабул қилиб борилади.
Платформа фуқароларга жамият ҳаётида содир бўлаётган долзарб воқеа ва ҳодисалар юзасидан давлат идоралари раҳбарларини тезкор хабардор қилиш, соҳа ва ҳудудларни ривожлантиришга қаратилган таклифларни тақдим этиб бориш имконини беради.
www.jamoatchilik.uz веб-сайти хизматларидан фойдаланиш барча учун очиқ ва бепул.
Қабул қилинадиган хабар турлари:
Қонунчилик, давлат ва ҳудудий дастурларга таклифлар
Долзарб воқеа ва ҳодисалар юзасидан тезкор хабарлар.
Фойдаланувчилар томонидан тақдим этилган хабарлар веб-сайтда эълон қилинади ва барча жараёнлар кенг жамоатчилик учун очиқ ҳисобланади. Ҳар бир таклиф тегишли масъуллар томонидан ўрганилиб, уларнинг натижалари жамоатчиликка эълон қилиб борилади.
Бундан ташқари, платформа долзарб масалалар юзасидан жамоатчилик фикри сўровларини ўтказишга ҳам хизмат қилади.
Энг яхши таклиф муаллифлари ва фаол иштирокчилар рағбатлантирилиши режалаштирилган.
Платформа фаолияти натижалари ҳар чоракда кенг жамоатчилик ва мутасадди идоралар раҳбарлари иштирокида ўтказиладиган ҳисобот учрашувлари давомида таҳлил қилинади. Ҳисобот учрашувлари телекўрсатув шаклида ташкил этилиб, унда платформанинг фаол фойдаланувчилари ҳамда энг яхши таклифлар муаллифлари иштирок этади. Жараёнлар ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тўғридан-тўғри ёритилади.