Ўзбекистон Фанлар Академияси, Тошкент шаҳри ҳокимлиги ва Республика Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил қилинган йиғилишда соҳада амалга оширилган ишлар ва муаммолар таҳлил қилинди ва ўзаро муҳокама қилинди. Асосий мавзу ҳозирги кунда ижтимоий тармоқларда баҳсларга сабаб бўлган ноқонуний дарахтлар кесилиши ва аҳоли орасида юзага келган норозиликлар ҳақида бўлди.
“Республика бўйича 2018 йил дастлабки 6 ойида ноқонуний равишда кесилган дарахтлар бўйича 1 минг 200 та ҳолат аниқланди ва уларнинг 95 таси Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келмоқда ва ушбу қонунбузарликларга нисбатан умумий 17 млн. сўм миқдорида жарима белгиланди. Ўсимлик дунёсига етказилган зарар миқдори қарийб 1 млрд. сўмни ташкил этади. Лекин унинг анча қисми ҳали ундирилмаган”, дея маълумот берди Биохилма-хиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бўлим бошлиғи Н.Мўминов.
Шунингдек, Қўмитанинг фаолиятига танқидий баҳо берилди. Юзага келган муаммолар, уларни бартараф этиш борасида аниқ ечимлар таклиф этилди. Жумладан, ноқонуний тарзда дарахт кесган шахсларга нисбатан жарима миқдорини кескин ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Айни пайтда 40 см. диаметрдаги дарахтни кесган жисмоний шахслардан ЭКИҲнинг 3-5 ва мансабдор шахслардан 5-10 баравар миқдорида жаримага тортилади. Тақдим этилган янги қарор лойиҳасига кўра, жарима миқдори ЭКИҲнинг 49 бараварида белгиланиши таклиф этилмоқда. Бундан кўзланган мақсад қонунбузилиш ҳолатларини янада камайтириш.
Яна бир янгиликлардан бири ахборот бериш мобиль иловаси яратиш режалаштирилган. Унга кўра, атроф-муҳитга зарар етказилаётган пайтда зудлик билан тегишли органларга ахборот бериш мумкин. Иловани қўл телефонига юклаб, қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида тезлик билан хабар беришингиз мумкин бўлади. Тизимнинг йўлга қўйилиши жамоатчилик назоратини кучайишига ва атроф-муҳит муҳофазасига катта ҳисса қўша олади.