Ўзбекистон ИИВ Йўл ҳаракати қоидалари бузилгани акс этган видеозувларни қабул қилиш учун махсус сайтни ишга туширди. Видеоёзувни жўнатган шахс қоидабузардан ундирилган жарима ҳисобидан энг кам иш ҳақининг 5 фоизи миқдорида (ҳозирда — 10,1 минг сўм) мукофотга эга бўлиши мумкин.
Видеоёзувларни қабул қилиш ва уларни тақдим этган шахсларни рағбатлантириш тартиблари Ўзбекистон ҳукуматининг ўтган йил сентябрдаги қарори билан тасдиқланган эди.
1 июлдан бошлаб жисмоний ва юридик шахслар автомобилларидаги видеорегистраторлар ёзиб олган қайдлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қодексга мувофиқ процессуал қарор қабул қилиш мақсадларида кўриб чиқишга қабул қилинади.
Давомийлиги 120 сониядан ортиқ бўлмаган, фақатгина видеорестраторлардан (смартфонлардан эмас) ёзиб олинган видеоёзувлар қоидабузарлик қайд этилган санадан уч кундан кеч бўлмаган муддатда жўнатилиши керак. Видеода содир этилган қоидабузарлик, транспорт воситаси русуми ва давлат рақами, қоидабузарлик содир этилган сана ва вақт кўринарли ҳамда аниқ фарқланиб туриши лозим.
Тўхтаб туриш қоидалари қайд этилган видеоларни кўриб чиқиш учун иккита видеофайл тақдим этилиши лозим (иккинчи видео биринчисидан энг каида 10 дақиқа кейин тасвирга олинган бўлиши керак).
Видеоёзув уч кун давомида ЙҲХББ маъмурий инспекторлари томонидан кўриб чиқилиши лозим. Агарда қоидабузарлик бўйича қарор қабул қилинган ёки маъмурий иш қўзғатилган бўлса, янги иш очилмайди. Аризачига жавом 15 кун ичида юборилиши лозим.
Қоидабузарлик тўғрисидаги видеоёзувни тақдим этган шахслар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тақиқланади.