Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш биринчи навбатда ушбу салбий ҳолатнинг сабабларини аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган. Бу ҳақда бош прокурор Отабек Муродов шанба куни Олий Мажлис Сенатининг 19-ялпи мажлисида маълум қилди.
Давлат органларида коррупцион хатарларни аниқлаш ва бартараф этувчи ички тизим ишламас экан, ушбу йўналишда натижага эришиб бўлмайди, деди у.
«Мен ўзим учун бир саволга жавоб топа олмайман. Молия вазирлигини мисол қилиб олайлик. Вазир — ҳукумат аъзоси, нима учун прокурор унга бориб: „Сизларда коррупция борми?“ — деб сўраши керак? Нима учун вазирлик ўз тизимини тозаламаслиги керак? Нима сабабдан?» — савол берди прокурор.
Бош прокурор коррупцион хатарларни бошқариш ва уларни бартараф этишга имкон берувчи коррупцияга қарши ички назорат тизимини (комплаенс) жорий этишни таклиф қилди.
«Биз ўзимизга бир нарсани аниқ белгилаб олишимиз керак: биз [пора] олишни эмас, беришни тўхтатишимиз керак. Агар [пора] беришни тўхтатсак, олишни ҳам тўхтата оламиз», — дея таъкидлади Отабек Муродов.
2018 йилда 1907 нафар мансабдор шахс коррупцион ҳаракатлар содир этгани учун жавобгарликка тортилди. Уларнинг 48 нафари — республика, 191 нафари — вилоят ва 1668 нафари — туман даражасидаги мансабдорлардир.
Прокуратура тизимида 281 ходим пора олиш ва бошқа ҳуқуқбузарликларга мойиллиги учун вазифасидан четлатилди, 61 нафари жиноий жавобгарликка тортилди.
«Бундай рақамлар прокуратура тарихида ҳеч қачон бўлмаган. Мен бу ҳақда ижтимоий тармоқлардаги прокуратурада тозалаш ўтказиш вақти келмадими, деган кўп сонли саволлар туфайли сўзламоқдаман. 82 та ҳолатда прокуратура ходимлари пора беришга ҳаракат қилган фуқаролар тўғрисида хабар қилди. Мана нима учун [пора] беришни тўхтатишимиз керак. Авваллари 10 минг доллар таклиф қилинган терговчи хабар қилмасдан, пуни чўнтагига солган. Ҳозир эса 82 ҳолат тўғрисида хабар қилинди», — деди бош прокурор.
Отабек Муродов Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) экспертларининг Ўзбекистонга ташрифини қайд этиб ўтди. Экспертлар коррупцияга қарши кураш бўйича Истанбул ҳаракатлар режасида кўзда тутилган тавсияларнинг бажарилишини ўрганди.
«Ўрганишлар натижалари март ойида Париждаги учрашувда муҳокама қилинди ва Ўзбекистон илк бор барча тавсияларни бажариб, ташкилот аъзолари орасида юқори баҳоларга эга бўлди», — деди у.