Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилояти фаоллари иштирокидаги йиғилишда аҳолини иш билан таъминлаш, даромадларини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
«Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида ўз бизнесини бошламоқчи бўлган оилаларни аниқлаб, икки-уч ой ичида уларга жами 486 миллиард сўм миқдоридаги имтиёзли кредитларни тўлиқ ажратиш зарурлигини таъкидлади.
Фарғона – моҳир ҳунармандлар, уста деҳқонлар юрти. Бу ернинг кўнчилик, боғдорчилик анъаналари – тайёр бренд.
Бундан фойдаланиб, вилоятда чарм ва пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича қўшимча лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, «Чарм-атторлик маркази»ни ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.
Келгуси икки йилда Олтиариқ туманида 3 минг гектар майдонда узумчилик, Қува туманида 2 минг гектарда анорчилик, Қувасой шаҳрида 2 минг гектар майдонда гилосчилик кластерлари ташкил этилиши маълум қилинди. Ушбу кластерлар ўзлари мева етиштириш билан бирга аҳолидан ҳам сотиб олади. Бунинг учун хонадонларга 15 миллион дона узум, 10 миллион дона гилос ва 5 миллион дона анор кўчатлари етказиб берилади. Бу ҳам аҳоли даромадларини, ҳам вилоят экспорт салоҳиятини оширади.
Яқин йилларда Олтиариқ туманини тўлиқ узум етиштиришга ихтисослаштириш, илмий тадқиқот институтлари ва Тошкент давлат аграр университети олимларининг тавсиялари асосида боғ ва ток қатор ораларида бозорбоп сабзавотлар етиштириш режалаштирилгани таъкидланди.