Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан ташкил этилган халқаро анжуманда бир қарашда ушбу тузилма зиммасига кирмайдигандек туюладиган масалалар хусусида сўз юритилган бўлса-да, бироқ барча жараёнлар, шу жумладан, жиноятчилик, турли хавфли хасталикларнинг олдини олиш бевосита хонадонлардаги ижтимоий-маънавий муҳит билан чамбарчас боғлиқлигини англаш мушкул эмас.
Германия халқ университетлари ассоциациясининг мамлакатимиздаги филиали ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилган «Ижтимоий шериклик: муаммо ва истиқболлар» мавзуидаги мазкур анжуманга фаолияти ёшлар, хотин-қизлар билан боғлиқ жамоат тузилмалари, ҳуқуқшунослар, психологлар, таълим, соғлиқни сақлаш соҳалари тегишли комиссияларнинг вакиллари, экспертлар, таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази директорининг ўринбосари Д.Каримова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) У.Муҳаммадиев ва бошқалар мамлакатимизда оила, хотин-қизлар ва ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни аниқ, манзилли тарзда ижтимоий ҳимоялаш масалалари Президентимиз томонидан жамият ҳаётида олиб борилаётган туб ислоҳотларда устувор ўрин эгаллаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 2018 йил 27 июндаги «Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда. Ушбу ҳужжатларнинг ижроси доирасида ёрдамга муҳтож ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган оилаларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахсларнинг ижтимоий реабилитацияси, жамият ва оилага мослашиши бўйича тегишли чора-тадбирларни давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорликда амалга оширишига оид вазифалар белгиланган.
2018 йил 1 апрелдан фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ўрнига хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар фаолият олиб бормоқда. Уларнинг билимларини ошириш, оилалар билан ишлашдаги кўникмаларини такомиллаштириш борасида «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази тегишли ташкилот ва идоралар билан биргаликда тизимли ишларни бажармоқда. Айни пайтда марказ аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари, ёрдамга муҳтож оилалар, турли мураккаб вазиятда қолган хотин-қизларга кўмаклашишга жиддий эътибор қаратмоқда. Бунда турли вазирлик ва идоралар, жамоат тузилмалари, халқаро ташкилотлар ўртасидаги ижтимоий ҳамкорлик кутилган ижобий натижаларни бермоқда.
– Ташқи муҳитга таъсирчан оила борки, у ҳамиша ижтимоий кўмакка муҳтож, – дейди Германия халқ университетлари ассоциациясининг юртимиздаги филиали раҳбари Татьяна Заиченко. – Оилаларга ижтимоий ёрдамлашишда бизнинг ташкилот қандайдир маслаҳат ёки методик кўмак эмас, балки техник, молиявий қўллаб-қувватлаш орқали қалтис вазиятда қолган хонадонлар билан иш олиб боради. Бу жазони ижро этиш муассасаларидан келган аёлларнинг жамиятга ижтимоий мослашувига ёрдамлашиш, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислар учун ижтимоий, ҳуқуқий, АКТ, репродуктив саломатлик бўйича махсус курслар ташкил этиш каби бошқа бир қатор лойиҳаларни ўз ичига қамрайди.
– Ўзбекистонда аҳолини кучли ижтимоий ҳимоялаш борасидаги саъй-ҳаркатлар эътиборга моликдир, – дейди Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Дэвид Спайерс. – Буюк Британия Ўзбекистоннинг бу борадаги амалий саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Айниқса, жазони ижро этиш муассасаларидан чиқаётган одамларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилаётгани, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга доир кўплаб қонун ҳужжатлари қабул қилинаётгани диққатга сазовордир.
Конференцияда турли ташкилотлар биргаликда амалга оширган «Жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган шахсларнинг ижтимоий мослашуви» лойиҳаси натижалари тақдим этилди. Аҳолининг заиф қатламлари учун ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ҳолатни муҳокама этиш, бу борада фуқаролик жамияти институтларининг ролини аниқлаш ва тажриба алмашиш, аҳолининг заиф қатламлари билан ишлашда янгича ёндашувларни излаш, ўрганиш ва жорий этиш, мазкур йўналишда ижтимоий шерикликнинг аниқ механизмларини шакллантиришга оид мавзуларда маърузалар қилинди.