Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг Халқ таълими вазирлиги тизимида ижро этилиши юзасидан ўтказилган ўрганишлар натижаларига бағишланган мажлис ўтказилди.
Баркамол авлод тарбияси – мамлакатимиз тараққиёти йўлидаги энг асосий мақсадларимиздан бири сифатида давлатимиз ва жамиятимизнинг доимий диққат марказида турадиган масаладир. Айниқса, бу борада болаларнинг маънавий ва жисмоний камол топишида ахборот хавфсизлигини таъминлаш муҳим вазифалар қаторида белгиланиб, ушбу йўналишда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни шу мақсад йўлидаги муҳим қадам бўлди. Қонуннинг ижроси сенаторлар ҳамда ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ўрганилганда Халқ таълими вазирлиги томонидан ушбу ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш, унда белгиланган меъёрларни тўлиқ ижро этиш мақсадида кенг кўламли тадбирлар ўтказилганлиги эътироф этилди.
Хусусан, умумтаълим мактабларининг ўқувчилари ўртасида ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, уларнинг мафкуравий иммунитетини кучайтиришга бағишланган “Жаҳолатга қарши маърифат” ойлиги ташкил этилган. Мазкур ойлик доирасида тизимдаги 9 минг 628 та умумтаълим мактабида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг тарғиботи, коррупция, одам савдосининг олдини олиш, инсон ҳуқуқлари, соғлом турмуш тарзи, диний экстремизм, терроризмга қарши курашга оид мавзуларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари, жамиятда обрў қозонган кексалар иштирокида жами 50 мингдан ортиқ семинар, давра суҳбати, ҳуқуқий тарғибот кечаси ташкил этилиб, мазкур тадбирларда жами 1,7 миллиондан ортиқ ўқувчининг иштироки таъминланди.
Бироқ, Андижон, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент вилоятларида, шунингдек, Тошкент шаҳрида қонуннинг ижроси ўрганилганида мактабларда ушбу ҳужжат тарғиботи бўйича қатор камчиликлар мавжудлиги ҳам кўзга ташланди. Жумладан, таълим муассасаларида қонун мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида ташкил этилган семинарлар ва давра суҳбатларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, ҳудудий Кенгашлар депутатлари ҳамда Адлия вазирлиги вилоят ва туман бўлимлари, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вакиллари кенг жалб этилмаган.
Аксарият тадбирлар кўпроқ расмиятчилик юзасидан ташкил этилганлиги, бунда пировард натижага эришиш, яъни болалар, ёшлар ва педагогларнинг Қонун мақсади ва вазифаларини чуқур англаш, ёш авлодда улар онгига зарар етказувчи ахборотга нисбатан мафкуравий иммунитет ҳосил қилиш каби режалар амалга оширилмаганлиги таъкидланди. Қолаверса, жойлардаги таълим муассасаларига қонун ва қонуности ҳужжатлари тўлиқ етиб бормаганлиги аниқланди. Хусусан, Андижон вилоятининг Асака, Шаҳрихон туманларидаги, Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳри, Мирзаобод туманидаги қатор мактабларда қонун ҳужжатлари мавжуд эмаслиги, Қонун ижроси юзасидан жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик етарлича йўлга қўйилмаганлиги қайд этилди. Шу билан бирга ўрганишлар жараёнида республика мактабларида 278 нафар психологга эҳтиёж борлиги аниқланган.
Мажлис давомида қонунда белгиланган вазифаларни сифатли амалга ошириш бўйича кадрларни, ташкилотчиларни тайёрлаш, таълим жараёнига тегишли фанларни жорий этишга, педагоглар ва ота-оналарда болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш кўникмаларини ҳосил қилишга доир комплекс чораларни амалга ошириш устидан назоратни кучайтириш зарурлиги айтилди.