Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (ИҲРТ) мониторинг натижаларига кўра, Ўзбекистоннинг Коррупцияга қарши курашиш тармоғининг Истанбул ҳаракатлар режаси доирасидаги барча тавсиялар бўйича ютуқларини эътироф этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.
Коррупцияга қарши курашиш тармоғининг Истанбул ҳаракатлар режаси саккизта иштирокчи давлат ўртасида ўзаро баҳолаш ва мониторинг дастурини ўз ичига олади. Арманистон, Озарбайжон, Грузия, Россия, Тожикистон ва Украина 2003 йил сентябрда Истанбулда ташаббусга қўшилган эди. Кейинчалик унга Қирғизистон (2003), Қозоғистон (2004), Ўзбекистон (2010) ва Мўғилистон (2014) давлатлари қўшилган.
Матбуот хизмати маълумотларига кўра, Ўзбекистон делегацияси Парижда бўлиб ўтган ИҲРТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари учун Коррупцияга қарши курашиш тармоғининг Истанбул ҳаракатлар режасининг 20-мониторинг учрашувида ҳамда ИҲРТ Тармоғи бошқарув гуруҳининг 24-мажлисида иштирок этди.
«Мониторинг натижасига кўра Ўзбекистон барча тавсиялар (жами — 21) бўйича прогресс мавжудлиги рейтингига эришди, шундан 3 та тавсиялар бўйича тўлиқ бажарилиши, 8 тасининг деярли бажарилиши, 10 тасининг қисман бажарилиши қайд этилди. Таъкидлаш жоизки, тавсияларнинг бирортаси бўйича „бажарилмаганлик“ салбий рейтинги қўйилмади, бу эса Ўзбекистоннинг Истанбул ҳаракатлар режасидаги энг яхши натижасидир», — дейилади Бош прокуратура хабарида.
Муҳокамалар якунида мониторинг ҳисоботи, шу жумладан рейтинглар ва 47 та янги тавсиялар тасдиқланди.
Мониторинг юзасидан Ўзбекистон маърузасининг муҳокамаси ва қабул қилиш жараёни икки босқичли ялпи мажлис кўринишида ҳамда учрашув иштирокчилари, жумладан халқаро ва нодавлат ташкилотлар вакиллари учун очиқ тарзда ташкил этилди.
Тадбирларда Истанбул ҳаракатлар режасининг иштирокчи давлатлари, ИҲРТ тармоғига аъзо давлатлар, Европа Иттифоқи, Европа Кенгаши, Жаҳон банки, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси, БМТТД, ГРЕКО, Transparency International ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.