Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази хавфли гидрометеорологик ва геологик вазиятлар юз бериши мумкин бўлган ҳудудлар бўйича тадқиқот ўтказди. Олинган маълумотлар сел хавфи нисбатан юқори бўлган ҳудудларни аниқлаш имконини берди.
ФВВдан олинган маълумотларга кўра, сел – бу кичик тоғ кўллари ҳавзаларида тўсатдан юзага келувчи юқори концентрациядаги минерал зарралар, тошлар ва тоғ жинслари қолдиқларининг юқори суръатдаги оқими ва одатда жала ёғингарчиликлари ёки қорларнинг шиддатли эриши билан кузатилади. Бу ҳодиса турар жойлар, инфратузилма объектларига катта зарар етказиши, инсон ҳаётини хавф остига қўйиши мумкин.
Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг деярли барча тоғ ва тоғолди ҳудудлари сел хавфи юқори бўлган ҳудудлар ҳисобланади. Бунда, айниқса, Фарғона водийси мазкур ҳодиса хатари остидадир. Бундан ташқари, Наманган, Фарғона вилоятлари, ундан сўнг Сурхондарё, Тошкент, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари ҳам сел хавфи нисбатан юқори вилоятлар деб топилди.
Сел оқимининг ҳалокатли оқибатларини камайтириш мақсадида ФВВ томонидан селга қарши гидротехника иншоотлари, селларни ажратувчи, ушлаб қолувчи ва сақлаб қолувчи объектлар қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Вазирлик томонидан амалга оширилаётган қияликларга кўндаланг равишда ишлов бериш, тоғ ён-бағирларини поғона-поғона қилиб ишлаш, чопиқ экинлари экилишини тақиқлаш каби ишларни ўз ичига олган агротехник тадбирлар шулар жумласидандир. Ернинг ҳолати ҳам сел оқими хавфли ҳудудларда ҳаракатга келишини қўзғатувчи муҳим омиллардандир. Ернинг ҳолатини яхшилаш ва тоғолди ҳудудларда унинг емирилишини бартараф этиш мақсадида тоғ ён-бағирлари ва дарё ўзани бўйлаб янги ва ўрмон кўчатларини экиш ҳамда мавжудларини соғломлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 24 августдаги Ўзбекистон Республикасида фавқулодда ҳолатлар бўйича огоҳлантириш ва ҳаракат қилиш давлат тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги қарорига мувофиқ фаолият юритаётган Ўзбекистон Республикасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, улар содир бўлганида ҳаракат қилиш бўйича яхлит давлат тизими сел келишининг олдини олиш ва унинг оқибатларини камайтиришда фаол иштирок этиб келмоқда. У 40 дан ортиқ вазирлик ва идоралар, ташкилотлар, муассасалар ва компанияларни бирлаштиради, табиий офатлар ва техноген ҳалокатлар оқибатларининг олдини олиш ва унга қарши курашишда давлат бошқаруви ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни таъминлайди. Сел вужудга келганда, мазкур тизим унинг таркибидаги вазирликлар ва идораларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ҳамда қисқа муддат ичида зарарли оқибатлар ва вайронгарчиликларни бартараф этиш имконини беради.
ФВВ мамлакатимизнинг тоғли ҳудудларида апрель, май, июнь ойларида энг кўп ёғингарчилик бўлишидан огоҳлантиради. ФВВ томонидан ташкил қилинадиган кузатув ва сел хавфи тўғрисида огоҳлантириш хизмати айнан шу ойларда алоҳида тартибда ишлайди. Чунки унинг зиммасига аҳолини юз бериши мумкин бўлган гидрометеорологик хавфлар тўғрисида тезкор хабардор қилиш вазифаси юклатилган.
Ўзбекистоннинг тоғли туманларида истиқомат қилувчи аҳоли учун ФВВ махсус тавсияларни ишлаб чиқди. Унга кўра, улар сел оқимининг зарарли оқибатларидан ўзлари ҳимоя қилишлари мумкин. Улар билан Вазирликнинг расмий сайти https://fvv.uz да танишиш мумкин.