Мамлакатимиз фуқаролари Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига асосан 2018 йил якунлари бўйича асосий иш жойи бўлмаган бошқа манбалардан олган даромадлари тўғрисида жорий йил 1 апрелга қадар декларация топширишлари белгиланган.
Хўш, декларацияни кимлар тақдим этади?
– Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 189-моддасига асосан қуйидагилар томонидан декларация тақдим этилиши белгиланган, – дейди Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси катта инспектори Дилмурод Парпиев:
– мулкий даромад олган, яъни фоиз ва дивиденд кўринишида, мол-мулкини ижарага бериб даромад олган ва бошқалар (агар бу даромадларга тўлов манбаида солиқ солинмаган бўлса);
– фан, адабиёт ва санъат асарларини яратгани ҳамда улардан фойдалангани учун муаллифлик ҳақи тариқасида даромад олган;
– асосий бўлмаган иш жойидан моддий наф тарзидаги даромад олган (масалан, юридик шахс томонидан товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақи тўлаб берилган бўлса);
– икки ёки ундан кўп манбадан солиқ солинадиган даромад олган;
– Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги манбалардан даромад олган;
– солиқ агентлари бўлмаган манбалардан даромад олган Ўзбекистон Республикаси резидентлари жами йиллик даромадлари тўғрисида декларация топширишлари лозим.
Белгиланган тартибга кўра, Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган чет эллик жисмоний шахслар ҳам ўтган солиқ даври учун даромадлар тўғрисида жорий йил 1 апрелгача декларация тақдим этади.