Ўзбекистон Адлия вазирлиги «Очиқ адлия» махсус дастури ишга туширилганини эълон қилди. Дастур вазирлик фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликка муҳим ахборотлар бериш, уларнинг ҳуқуқий маълумотларга бўлган эҳтиёжини таъминлашга қаратилган, дея хабар қилди Адлия вазирлиги матбуот хизмати.
Дастур доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларига адлия органлари биноларида аудио-видео ёзиш мосламаларидан фойдаланишга рухсат берилади. «Нотариал идоралар ва давлат хизматлари марказлари ходимларининг ўз вазифаларини бажаришда йўл қўяётган камчиликлари устидан интернет орқали тезкор шикоят бериш тизими яратилади, бунда ходимнинг айби аниқланган ҳолатлар кенг ёритиб борилади. Ўз вазифаларини лозим даражада бажара олмаётган ходимлар рейтингини шакллантириб, уларнинг малакасини ошириш бўйича ишлар олиб борилади», — дейилади хабарда.
Адлия вазирлигининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эндиликда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган қонун ҳужжатлари лойиҳалари юзасидан берилган ҳуқуқий экспертиза хулосаси мазмуни ҳам ижтимоий тармоқларда жойлаштирилади.
Шунингдек адлия органлари ходимлари устидан берилган ҳамда ўз тасдиғини топган шикоятлар ҳақида маълумот олиш имконини берувчи махсус платформани ишга тушириш ҳам назарда тутилмоқда.
Вазирлик ўз биносидаги хоналарнинг жойлашиш структурасини ҳам қайта кўриб чиқди. «Ходимлар кенг майдонда бир бирини бемалол кузата оладиган даражада жойлаштирилди. Ташкилотга келган фуқаролар ҳам ходимлар қандай иш билан банд бўлишини ўз кўзлари билан кўришлари мумкин. Содда қилиб айтганда деворлар ва эшиклар энди шаффофликни таъминлайди. Бу усул коррупциявий омилларни ҳам олини олади», — дейилади вазирлик хабарида.
Вазирлик фаолияти билан яқиндан танишишни истовчилар учун вазирлик яна бир имкониятни тақдим этмоқда. Эндиликда йилига камида 2 маротаба Адлия вазирлиги марказий аппаратида, Давлат хизматлари агентлигида, адлия органлари ва муассасаларида «Очиқ эшиклар куни» тадбирлари ўтказилади.
Бундан ташқари Адлия вазирлиги ва унинг таркибий бўлинмаларининг молиявий фаолияти билан боғлиқ маълумотлар вазирликнинг веб-сайтида эълон қилинади. Бунда харажатлар, уларни бажарилиши билан боғлиқ ҳисоботлар, харид қилиш билан боғлиқ шартномалар рўйхати билан танишиш мумкин бўлади.
Яна бир муҳим янгиликлардан бири бу адлия органларининг ҳар йил якуни бўйича аҳолига бажарилган ишлар юзасидан ҳисобот беришидир. Мазкур ташаббус 2018 йил якунлари бўйича амалга оширилди ва — «Адлия ҳисобот беради» номли рисола тайёрланиб кенг жамоатчиликка тақдим этилди. Энди бу ҳисобот анъанавий тарзда ҳар йили тақдим этилади.
«Ҳеч қайси идора ўз ходимларини тўлиқ назорат қила олмайди. Бунга ресурс етмайди. Шу сабабли муаммонинг ечими сифатида жамоатчилик назорати ва замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш ҳар доимгидан ҳам долзарб бўлмоқда», — дейилади хабар сўнгида.