Зеро, коррупция ривожланишга тўсиқ бўлаётган, ҳуқуқий тенгсизликни келтириб чиқараётган энг катта ғовдир. Уни йўлимиздан олиб ташлаш мумкинми? Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, қачон бу касалликдан халос бўламиз? Қачон бутун мамлакат бўлиб унга қарши курашамиз?
Дарҳақиқат, коррупцияга қарши курашиш йўлида барча бирлашишини бугунги кун тақозо қилмоқда. Чунки коррупция ҳақида гап кетса, ҳамма уни қоралайди. Лекин манфаатига мос келганида нега айримлар ундан ҳамон кўз юма олмаяпти?
ЎзАнинг хабар қилишича, 2018 йилда 1 минг 177 нафар мансабдор шахс коррупцияга қўл ургани учун жавобгарликка тортилгани буни кўрсатиб турибди.
Биргина прокуратура органлари томонидан 2018 йилда 2 мингдан зиёд шахсга нисбатан 1,5 мингга яқин жиноят иши қўзғатилган бўлса, улардан 168 нафар шахс пора олиш жиноятини содир этгани, 29 нафар шахс пора бериш жинояти учун, 2 нафар шахс пора олиш-беришда воситачилик қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилган.
Коррупциявий ҳолатлар кўп ҳолларда “ишингизни ҳал қилиб бераман” қабилидаги алдов йўли билан ҳам амалга оширилади. Бу борада 173 шахс жиноий жавобгарликка тортилган.
Қайси соҳаларда пора олиш кўпроқ содир этилган? Бу борада Ички ишлар, Халқ таълими, Мактабгача таълим, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш вазирликлари тизимида, ҳокимликларда фаолият юритаётган мансабдор шахслар “етакчилик” қилган.
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган, бу борада зарур чора-тадбирлар кучайтирилган бир шароитда коррупциявий ҳолатлар ҳамон мавжудлиги таассуфланарли, албатта.
“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинганига икки йилдан кўпроқ вақт ўтди. Бу муддат оралиғида қандай натижаларга эришилди?
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 2 февралдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида тузилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ва ҳудудий идоралараро комиссиялар изчил фаолият юритмоқда.
2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури ижроси жараёнида зарур чора-тадбирлар амалга оширилди.
Дастурга мувофиқ ўндан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси тайёрланди. Улардан айримлари, яъни “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар қабул қилинди ва кучга кирди. Мазкур қонун ҳужжатлари жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни ошириш, жиноятчилик, хусусан, коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган.
Қонунлар ижросини таъминлаш, уларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш мақсадида прокуратура органлари томонидан 2018 йилда 5 мингдан зиёд тарғибот тадбирлари ўтказилди. Шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида коррупцияга қарши курашиш тарғиботига оид чиқишлар кескин кўпайтирилди.
Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фаолият натижалари жамиятда, хусусан, аҳолида коррупцияга нисбатан муросасизлик кайфияти кучайганини кўрсатмоқда. Бу интернетдаги ижтимоий тармоқларда, аҳоли томонидан билдирилаётган фикр-мулоҳазаларда яққол намоён бўлаётир.
Давлат органлари ва бошқа ташкилотларда фаолият юритаётган мансабдор шахслар ва ходимлар билан ҳам махсус семинарлар ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди. Бу жараёнда уларни коррупция жиноятининг оқибатларидан огоҳ этиш баробарида ўз касбига, вазифасига ҳалол ва виждонан ёндашишга қаратилган тарғибот ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Бу жараёнда “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари” чуқур тушунтирилмоқда. Айтиб ўтиш керакки, давлат хизматчилари ўз касбий фаолиятида адолатлилик, ҳалоллик ва холислик принципларига амал қилиши шарт. Манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслиги керак. Коррупция ҳолатларига қарши курашиши ва унинг профилактикасига фаол кўмаклашиши шарт.
Лекин айрим ҳолларда давлат хизматчиларининг ўз фаолиятида амал қилиши лозим бўлган одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилмаслиги, бунинг устидан лозим даражадаги назоратнинг йўқлиги давлат хизмати соҳасида суиистеъмоллик ва коррупция ҳолатлари келиб чиқишининг асосий сабабларидан бири бўлиб қолмоқда.
Шу боис коррупцияга қарши курашиш борасида қилинаётган амалий ишлар самарасини ошириш бугун долзарб аҳамиятга эга. Халқимиз, кенг жамоатчилик ҳам шунинг тарафдори.
“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази 2017-2018 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури ижроси доирасида фуқароларнинг ушбу иллатга муносабатини ўрганди.
Ижтимоий сўровда қатнашганларнинг қарийб 57 фоизи жамиятимизда коррупция бор, деб ҳисоблайди. 76,3 фоизининг фикрича, мазкур иллат ҳамма жойда эмас, балки жамиятнинг айрим соҳаларида мавжуд. Масалан, респондентларнинг 37,6 фоизи соғлиқни сақлаш тизимини коррупция энг кўп кириб борган соҳа деб кўрсатган
Сўровда иштирок этган ҳамюртларимизнинг ҳар тўртинчиси айрим ҳуқуқ-тартибот органлари коррупциялашган, деган фикрда. Бандлик, ижтимоий таъминот, коммунал хизмат, банк, солиқ ва божхона идоралари, ҳокимликлар ҳамда бошқалар фаолиятида ҳам коррупция учраши билдирилган.
91,5 фоиз киши коррупцияга қарши курашиш борасида қилинаётган ишларни қўллаб-қувватлашини, бу иллатни илдизи билан йўқ қилиш тарафдори эканини маълум қилган.
Шу ўринда Ўзбекистоннинг коррупция бўйича ҳолатига эътибор қаратсак. Жаҳонда коррупция даражасини ўрганувчи “Transparency International” ташкилотининг 2016 йил бошида эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистон 168 мамлакат орасида 153-ўринни эгаллаган бўлса, 2018 йилда 1 балл кўпроқ натижа қайд этган. Ҳолбуки, мазкур ташкилот 2014 йилда Ўзбекистоннинг коррупция ботқоғидан чиқа олмаётганини айтган эди.
Давлат ва жамият тараққиётига жиддий путур етказувчи коррупцияга қарши курашишда оз бўлса-да силжиш бор. Бу барчамизнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришимиз, ҳуқуқларимиз таъминланишининг, унинг бошқалар томонидан бузилмаслигининг муҳим кафолати, келажак авлоднинг адолатли жамиятда яшаш ҳуқуқининг таъминлаши йўлидаги муҳим қадамлардир. Шундай экан, ҳар биримиз бугундан, ҳозирдан бу иллатга қарши курашайлик ва бу йўлда бирлашайлик.