Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва бошқа қонун ҳужжатларига тузатишлар киритилди (14.03.2019 йилдаги ЎРҚ–530-сон Қонун).
Қуйидаги ҳуқуқбузарликлар учун мансабдор шахсларга ЭКИҲнинг 3 бараваридан 7 бараваригача миқдорда жарима солинади:
- омбудсман олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаслик, унинг ишига тўсқинлик қилиш, унга била туриб ёлғон ахборот бериш;
- мурожаатларни, хулосаларни, тақдимномаларни, илтимосномаларни кўриб чиқмасдан қолдириш ёки уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш ёхуд улар юзасидан била туриб қасддан ишончсиз маълумотларни тақдим этиш.
Мазкур тоифадаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни маъмурий судлар кўриб чиқади.
Омбудсманга қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича ваколатлар берилди. Улар қамоқда сақлаш жойларига ва шахслар турган, ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган бошқа жойларга татбиқ этилади.
Ушбу фаолиятга кўмаклашиш учун омбудсман ННТнинг, қоида тариқасида, юриспруденция, тиббиёт, психология, педагогика ва бошқа соҳаларда касбий ҳамда амалий билимларга эга бўлган вакиллари орасидан эксперт гуруҳини тузади. Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Эксперт гуруҳи тўғрисидаги низомни тасдиқлайди, унинг аъзоларининг вазифаларини белгилайди ва уларга тегишли жойларга монеликсиз кириш ҳуқуқини берувчи махсус йўлланмалар беради.
Қонун «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган ва 15.03.2019 йилдан кучга кирди.