2018 йил бўйича дунёдаги инсон ҳуқуқлари вазияти бўйича йиллик маърузада (2019 йил 13 март куни чоп этилган) АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи кўп жиҳатдан сезиларли даражада яхшиланганини эътироф этди. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Аввало одил судлов, суд жараёнларининг шаффофлик даражасини ортгани, айбловчи далиллар базасидан фойдаланишга ҳимоячи томонига кенгроқ изн берилиши ва натижада оқловчи қарорлар сонининг кўпайиши маърузада объектив баҳо берилишига туртки бўлган.
Ҳужжатда коррупцияга қарши курашнинг самарадорлиги, қийноқлардан ҳамда бошқа муомала ва жазонинг инсонпарварлик тамойилига зид ёки инсон шаънини камситувчи турларидан фойдаланишга йўл қўймаслик бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар қабул қилингани, шунингдек, бундай жиноятлар учун масъулият кучайтирилгани алоҳида қайд этилади.
Сўз ва ифода эркинлигини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар доирасида ОАВ эркинлигини таъминлаш билан боғлиқ вазиятнинг яхшиланиши, шунингдек, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва фуқаролик жамияти фаоллари билан очиқ муносабатлари эътироф этилмоқда.
Маърузада диний экстремизмда гумонланган минглаб шахслар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари рўйхатидан чиқарилиши, шунингдек, кўплаб афв этиш ҳолатлари ва уларнинг ижтимоий мослашувига қаратилган дастурлар юқори баҳоланган.
«Human Rights Watch» ва «Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси» маълумотларига асосланиб, «Ўзбекистонда йигирма йилдан зиёд вақтдан бери илк маротаба журналистлар ва фуқаролик жамияти фаоллари қамоқхоналарда қолмагани» маърузада эътироф этилиши диққатга сазовордир.
Ҳужжатда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича муваффақиятли қабул қилинган ҳуқуқий ва маъмурий чоралар алоҳида кўрсатилган. Ўзбекистоннинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги тараққиёти АҚШ Давлат Департаменти ва Меҳнат Департаментининг 2018 йилдаги тегишли баёнотларида бир неча бор эътироф этилган.
Ўтган йилнинг декабрь ойида АҚШ Давлат котиби Ўзбекистонни «диний эркинлик соҳасидаги алоҳида ташвиш уйғотувчи мамлакатлар рўйхатидан» чиқарганди.