“Тараққиёт стратегияси” марказида 2018 йилнинг 20 декбарь куни журналистлар учун “Сарҳисоб: Адлия вазирлиги томонидан 2018 йилги Давлат дастури ижроси” мавзусида ташкил этилган матбуот анжуманида айнан адлия органларининг амалга оширилаётган ислоҳотлардаги ўрни ҳақида сўз борди.
Тадбирда адлия вазири ўринбосари А. Ташкулов ва вазирликни масъул ходимлари иштирок этди.
Анжуманда сўзга чиққанлар 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида назарда тутилган 231 та банддан 14 тасида Адлия вазирлиги асосий ижрочи сифатида белгиланганлигини қайд этди.
Мазкур 14 та банддан 10 таси тўлиқ бажарилган. Яъни, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани маълум қилинди.Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек, бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги , “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги каби Фармонлари ва “Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори шулар жумласидандир.
Шу билан бирга тадбирда 2018 йил адлия органлари учун ўзига хос тарихий давр, янгиланиш даври бўлгани таъкидланди. Президентимизнинг “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан адлия органлари фаолияти тубдан ислоҳ қилиниб “Одилона қонунларни қабул қилиш, жамиятда қонунга ҳурмат рухини қарор топтириш – демократик ҳуқуқий давлат кўришнинг гаровидир” деган концептуал ғояни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган ягона давлат ҳуқуқий сиёсати амалга оширилишини таъминлайдиган профессионал хизматга айлантирилди.
Тадбирда айтилишича адлия тизимида Республика – вилоят – туман (шаҳар) уч поғонали принцип бўйича вертикал бошқарув жорий этилди.
Адлия вазирлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган деб белгиланди, вазирик ваколатлари кенгайтирилди бу эса ўз навбатида мамлакатда қонун устуворлигини таъминлашдаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Адлия вазирлиги марказий аппарати тузилмасида бир қатор янги бошқармалар ташкил этилди. Хусусан, Давлат бошқаруви тизими самарадорлигини таҳлил қилиш, Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бошқармалари. Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ўз фаолиятини бошлади. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаюридик коллежлар, энг муҳими туман (шаҳар) адлия бўлимлари ташкил этилди. Туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан шу кунгача 25 мингдан ортиқ мурожаат қабул қилиниб, қонуний ҳал этилди.
Адлия вазирлиги халқаро арбитражлар ва суд ишлари масалалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаваколатли давлат бошқаруви органи этиб белгиланди.
Жорий йилдан бошлаб, Адлия вазири давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти тўғрисида ҳар йили Олий Мажлис Сенатига ахборот тақдим этадиган бўлди. 2018 йил 1 майдан бошлаб эса норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари Вазирлар Маҳкамасига, Ўзбекистон Президенти Администрациясига фақат Адлия вазирлигининг ҳуқуқий экспертиза якуни бўйича уларни қабул қилишнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги хулосаси мавжуд бўлгандагина киритилмоқда.
Адлия вазирлиги томонидан 221 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан 44 та қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди. Ушбу кўрсаткич охирги уч йил давомида 3 баробарга ошди.
1 561 та қонун ҳужжати лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди, 516 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат рўйхатига олинди.
Аниқланган 407 мингдан ортиқ қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича вазирлик ва идораларга 7 мингдан ортиқ тақдимнома ва 19 мингдан ортиқ огоҳнома киритилди, 1 800 дан ортиқ ноқонуний қарорлар бекор қилинди, 2000 га яқин нафар шахсларнинг маъмурий жавобгарликка тортилиши таъминланди, 5 мингга яқин шахслар интизомий жавобгарликка тортилиб, 400 га яқини нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Судларга 32 млрд сўмлик 8 мингдан ортиқ даъво аризалари киритилди.
Келиб тушган жами 37 мингдан ортиқ мурожаатларнинг қарийб 27 мингтаси қонуний ҳал этилди.
12 мингга яқин фуқароларнинг қабули амалга оширилиб, 7 мингдан ортиқ фуқаролар сайёр тартибда уйма-уй юриб қабул қилинди.
Мурожаатларни жойига чиқиб ўрганиш, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баробарга кўпайди.
800 га яқин юридик хизматлар ходимлари аттестациядан ўтказилди, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан малакаси оширилган юридик хизмат ходимларининг сони 910 тага кўпайиб, 1 191 тани ташкил этмоқда. 2 500 га яқин номзод лавозимига тайинланиш учун адлия органларида келишилди.
Аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш бўйича ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш бўйича 150 мингдан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Ушбу тадбирларнинг 71 926 таси бевосита қишлоқ жойларда, туманнинг энг чекка ҳудудларида адлия бўлимлари томонидан амалга оширилди.
Вазирликнинг телеграм мессенжеридаги “Ҳуқуқий ахборот” канали қонунчиликдаги янгиликларни тарқатувчи ўзига хос ахборот агентлигига айланди, десак асло муболаға бўлмайди
Тадбирда, шунингдек, Давлат дастури доирасида адлия органлари томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам журналистларга атрофлича маълумот берилди.
Тадбирда айтилганидек, бугунги кунда, ҳар бир адлия органлари фуқаро қаерда бўлса, ўша ерда деган шиор остида ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими