CАВОЛ:
2005 йил педагогика коллежини битирган ходим ихтисослаштирилган ёрдамчи мактабда тарбиячи лавозимида ишлайди. Иш стажи- 13 йил. Ҳозирги вақтда олийгоҳга кириш имтиҳонларида тўплаган баллари етмаган ва тарбиячи вазифасида иш фаолиятини давом эттирмоқда. Мактаб директори педагогика коллежини битирган ходимни олий маълумотли бўлмагани учун ишдан бўшатиш хуқуқига эгами?
Азиза. М., Наманган шаҳри.
ЖАВОБ:
Вазирлар Маҳкамасининг 4.10.2017 йилдаги 795-сон қарори билан тасдиқланган “Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари Классификатори”да (кейинги матнда – “ХАЛИКК-2017”):
хизматчилар лавозимлари ва ишчилар касблари номларидан фойдаланиш юзасидан – ходимларнинг меҳнат дафтарчаларига ёзувларни қайд этишда, меҳнат шартномалари тузишда, буйруқларни расмийлаштиришда, хизматчиларнинг лавозимларини ходимлар тоифаларига киритишда мажбурий ҳисобланади;
ишга қабул қилишда ходимлар маълумотининг энг паст даражаси, ишчилар касблари бўйича малака разрядларини белгилаш юзасидан – Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан ташкил этилган давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларида (кейинги ўринларда давлат ташкилотлари деб аталади), хўжалик бошқаруви органларида, шунингдек устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган ташкилотларда қўлланилиши мажбурий ҳисобланади, бошқа ташкилотлар учун эса – тавсия хусусиятига эга.
таълим йўналиши юзасидан – барча ташкилотлар учун тавсия хусусиятига эга, деб таъкидланган (4-б.).
ХАЛИКК-2017 нинг 153 ва 153-2 – сон билан қайд қилинган тартиб рақамида – “тарбиячи” лавозими берилган. Маълумотининг энг паст даражаси ЎМКҲТ – ўрта махсус, касб-ҳунарга доир маълумоти таъкидланган.
Демак, “тарбиячи” лавозимига ЎМКҲТ – ўрта махсус, касб-ҳунарга доир маълумоти етарли.
Шуни эсдан чиқармаслик зарурки, ХАЛИКК-2017 нинг 19-бандида:
Айрим ҳолатларда Классификаторда белгиланган маълумотнинг энг паст даражасига ёки йўналишига эга бўлмаган, лекин етарли даражада амалий тажрибага эга бўлган, ўзларига юкланган лавозим вазифаларини тўлиқ ҳажмда ва сифатли бажарадиган ходимлар маълумотнинг тегишли даражасини ёхуд маълумотнинг бошқа йўналишини талаб қиладиган лавозимга қабул қилиниши мумкин, агар қонунчиликда бошқа тартиб назарда тутилмаган бўлса.
Саволга ҳуқуқшунос Камолиддин Тилябоев жавоб берди.