2019 йил 1 июлдан бошлаб йўл ҳаракати қатнашчилари мобиль видеокамерасиз фаолият олиб бораётган ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим этмаслик ҳуқуқига эга эканлиги белгиланди.
Ҳукумат қарори билан Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом (ВМҚ-975, 01.12.2018 й.) тасдиқланди. Бу ҳақида Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали маълум қилди.
Низомга мувофиқ, ЙПХ ходими хизмат вазифасини амалга оширишда қуйидагиларга мажбур:
- вазифаларини мобил видеокамерадан фойдаланиб олиб бориш ва бу ҳақида йўл ҳаракати қатнашчиларига маълум қилиш (2019 йил 1 июлдан);
- йўл ҳаракати қатнашчиси тўхтатилганда унинг олдига бориш, ўзини таништириш, лавозими, унвони фамилияси ҳақида маълумот бериш ҳамда уларга “Сиз” деб мурожаат қилиш;
- тиббий ёрдамга муҳтожларни белгиланган жойга олиб боришда фуқароларга ёрдам кўрсатиш;
- ҳайдовчини тезликни оширгани ҳақидаги махсус мосламанинг кўрсаткичлари билан таништириш, талабига кўра мосламанинг қиёслаш сертификатини кўрсатиш.