Фарғона вилояти Бувайда тумани 3-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси ўқувчиларни ҳақоратлагани, камситгани ва калтаклагани учун эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, дея хабар қилди Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.
Хабарда қайд этилишича, маҳаллий ОАВда Бувайда тумани 3-умумий ўрта таълим мактабида синф раҳбарлари ва фан ўқитувчилари томонидан турли мақсадларга пул йиғилгани, пул бермаган ўқувчиларни ҳақоратлаш, калтаклашлар тўғрисида маълумотлар чоп этилган.
ХТВ Ҳуқуқий-назорат хизмати чоп этилган материаллар юзасидан текширув ўтказди.
Текшириш натижасида 16 ноябрь куни мактабнинг 7-В синф раҳбари Р. М. шу синфда маънавият соати ўтиш жараёнида икки ўқувчиларга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этгани, яъни обунага пул бермагани учун синф ўқувчилари олдида ҳақоратлаб, камситган ва калтаклагани аниқланди.
Фарғона ХТБ бошлиғининг буйруғига асосан, ўқитувчи Р. М. ҳамда маънавий-маърифий ишлар бўйича мактаб директори ўринбосари Х.А. эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Мактаб директори Р.А.га эса интизомий чора кўрилди.
«Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги зўравонликнинг барча кўринишларини қоралайди ҳамда ўқитувчилар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарини босиқликка ва ўзаро келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал этишга чақиради. Халқ таълими вазирлиги мактаб ходимларини ота-оналардан турли мақсадлар учун ноқонуний маблағлар йиғиш амалиётини тўхтатишни сўрайди», — дейилади хабарда.