Видеоконференц-алоқа тарзида ўтказилган мажлисда Олий суд судьялари, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий ва иқтисодий судлар, ҳарбий судлар раислари ва судьялари, Олий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Олий суд раиси К. Комилов бошқарган мажлисда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида қатъият билан амалга оширилаётган ислоҳотлар аввало инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалда кафолатли ҳимоясини таъминлаш ҳамда таъсирчан механизмларини яратишга, давлат органлари фаолиятини айнан шу соҳага йўналтиришнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди.
Ўтган давр ичида парламент томонидан қабул қилинган қонунлар, Президентимизнинг фармон ва қарорлари юртимиздаги тарихий ўзгаришларни, тинчлик-осойишталик ва халқимиз фаровонлигини таъминлашда ва пировардида, ҳар бир шахснинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилишда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.
Маълумки, Олий Мажлис Сенатининг 2017 йил 20 декабрдаги ўн учинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан маъқулланган Фуқаролик процессуал кодекси, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс, шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун жорий йил 1 апрелдан эътиборан кучга киритилгани жамиятимиз ҳаётида ўта муҳим воқеа бўлди.
Мазкур қонун ҳужжатларининг қабул қилиниши натижасида суд инстанциялари ислоҳ қилиниб, фуқаролик ва маъмурий ишларни биринчи, апелляция, кассация ва назорат инстанцияларида кўриш тартиби тубдан такомиллаштирилди, суд процесси иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини янада кенгроқ ва самаралироқ таъминлашга қаратилган қоидалар мустаҳкамланди.
Бу ўз навбатида, янги қабул қилинган кодекс ва қонунлар нормаларини амалиётда тўғри ва бир хилда қўллаш, бу борада ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида Олий суд Пленумининг тегишли қарорлари лойиҳасини ишлаб чиқишни тақозо этаётганди.
Шунингдек, Президентимизнинг топшириғига асосан Фуқаролик процессуал кодекси янги таҳрирда қабул қилингани, суд амалиётида айрим масалалар келиб чиқаётгани муносабати билан фуқаролик ишлари бўйича барча Пленум қарорлари амалдаги қонунчиликка мувофиқлиги нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилди ва инвентаризация қилинди.
Пленум мажлисида “Судлар томонидан фуқаролик ишларини апелляция ва кассация тартибида кўриш амалиёти тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг фуқаролик ишлари бўйича айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”, “Судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришни тартибга солувчи қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида” ва “Судлар томонидан маъмурий ишларни апелляция ва кассация тартибида кўриш амалиёти тўғрисида”ги Олий суд Пленуми қарорлари лойиҳалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Пленум мажлисида муҳокама этилган “Судлар томонидан фуқаролик ишларини апелляция ва кассация тартибида кўриш амалиёти тўғрисида”ги қарор лойиҳаси янги таҳрирда қабул қилинган Фуқаролик процессуал кодекси нормаларини амалиётда бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш, бу борада ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида ишлаб чиқилди. Мазкур қарор лойиҳаси билан судларнинг эътибори фуқаролик ишини апелляция ва кассация тартибида қайта кўриш суд процесси иштирокчиларининг суд ҳужжатини қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш ҳуқуқини таъминловчи муҳим ҳуқуқий институтлардан бири ҳисобланишига қаратилмоқда. Фуқаролик процессуал кодексига мувофиқ апелляция, кассация инстанцияси судида иш юритиш даъво тартибида юритиладиган ишлар бўйича: даъвогар, жавобгар, учинчи шахс, уларнинг вакиллари, давлат бошқаруви органининг шикояти, прокурорининг протести бўйича; алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича: аризачи, унинг вакили, манфаатдор шахс, унинг вакили, давлат бошқаруви органларининг шикояти, прокурорнинг протести бўйича қўзғатилади. Апелляция, кассация тартибида иш юритиш, шунингдек, Фуқаролик процессуал кодексига биноан суд ҳужжати устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга бўлган, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахснинг шикояти бўйича ҳам қўзғатилиши мумкин. Бу шахс суд ҳужжатида кўрсатилмаган ҳолларда ҳам, уни устидан шикоят қилиш ҳуқуқидан фойланади. Суд ҳужжати устидан апелляция, кассация тартибида шикоят қилиш ҳуқуқига, шунингдек, тарафлар, учинчи шахслар ёки қонуний вакилнинг ҳуқуқий ворислари ҳам эга. Шахснинг биринчи инстанция судида қатнашаётган вакили, шу жумладан, адвокат, агар бундай ҳуқуқ ваколат берувчи томонидан берилган ишончномада махсус кўрсатилган бўлсагина, суд ҳужжати устидан апелляция, кассация тартибида шикоят қилишга ҳақли.
Қонунга мувофиқ, апелляция шикояти суднинг ҳал қилув қарори устидан ҳал қилув қарори чиқарилган кундан эътиборан йигирма кун ичида, кассация шикояти эса, у қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида берилиши мумкин. Апелляция, кассация шикояти бериш (протест келтириш) муддати ўтишининг бошланиши, тегишлича ҳал қилув қарори чиқарилган ёки қонуний кучга кирган куннинг эртасидан ҳисобланади.
Пленум қарори лойиҳасида қонунда судларга апелляция, кассация тартибида иш юритиш предмети бўйича муайян истиснолар белгилангани тўғрисида тушунтириш берилмоқда. Жумладан, қуйидагилар устидан апелляция, кассация тартибида шикоят (протест) берилмайди: суд буйруғи; қонунда шикоят қилиниши назарда тутилмаган ёки ишнинг кейинги ҳаракатланишига тўсқинлик қилмайдиган, шунингдек, иш муҳокамасини кейинга қолдириш ҳақида, шу жумладан, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар бўйича эр-хотинга ярашиш учун муҳлат тайинланиши муносабати билан чиқарилган биринчи инстанция судининг ажримлари.
Маълумки, миллий қонунчиликни замон талабидан келиб чиқиб, такомиллаштириб бориш ўз навбатида, амалдаги меъёрий ҳужжатларга ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни тақозо этади. Айни шу заруратдан келиб чиқиб, Пленум мажлисида муҳокама этилган “Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг фуқаролик ишлари бўйича айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси билан амалдаги Пленум қарорларига зарур қўшимчалар киритилмоқда.
Шунингдек, йиғилишда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган ўзгартиришлар муносабати билан ҳамда қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган “Судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришни тартибга солувчи қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги Пленум қарори лойиҳаси ҳам иштирокчилар томонидан муҳокама қилинди. Ушбу қарор лойиҳасида судларнинг эътиборини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришни тартибга солувчи нормаларига қатъий риоя этиш зарурлигига қаратилмоқда. Маъмурий судга тааллуқли бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар рўйхати Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддасида назарда тутилган. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишга тайёрлаш чоғида қуйидагилар аниқланса, судья маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузган ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида қарор қабул қилган орган (мансабдор шахс) га маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни қайтариш тўғрисида ажрим чиқаради, агар маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш судга тааллуқли бўлмаса ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузган орган (мансабдор шахс) Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаларида назарда тутилган талаблар бузилганлиги аниқланса. Қонунга мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ушбу ҳуқуқбузарлик содир этилган жойда кўриб чиқилади.
Айни пайтда, шуни назарда тутиш лозимки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси бундай ишлар транспорт воситалари рўйхатга олинган жойда ёки ҳуқуқбузар истиқомат қиладиган жойда кўриб чиқилиши мумкин бўлган ҳолларни ҳам назарда тутади. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар суд томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома ва ишга оид бошқа материаллар олинган кундан бошлаб ўн беш кунлик муддатда кўриб чиқилади. Бироқ алоҳида тоифадаги ишларни кўриб чиқиш учун қонунда қисқартирилган муддатлар назарда тутилган.
Шу билан бирга судларга маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги қарор мазмуни, шунингдек, уларга илова қилинган ҳужжатлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари талабларига мувофиқ бўлиши лозимлиги тушунтирилмоқда.
Пленум мажлисида муҳокама этилган “Судлар томонидан маъмурий ишларни апелляция ва кассация тартибида кўриш амалиёти тўғрисида”ги қарор лойиҳаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси нормаларини амалиётда бир хил ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди. Ушбу қарор лойиҳасида судларнинг эътибори маъмурий ишни апелляция ва кассация тартибида қайта кўриш суд процесси иштирокчиларининг суд ҳужжатини қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш ҳуқуқини таъминловчи муҳим ҳуқуқий институтлардан бири ҳисобланишига қаратилмоқда. Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ апелляция, кассация инстанцияси судида иш юритиш: аризачи, жавобгар, учинчи шахс, уларнинг вакиллари, давлат бошқаруви органининг шикояти; прокурорнинг протести бўйича қўзғатилади.
Апелляция, кассация тартибида иш юритиш, шунингдек, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига биноан суд ҳужжати устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга бўлган ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахснинг шикояти бўйича ҳам қўзғатилиши мумкин. Бу шахс суд ҳужжатида кўрсатилмаган ҳолларда ҳам, уни устидан шикоят қилиш ҳуқуқидан фойланади. Суд ҳужжати устидан апелляция, кассация тартибида шикоят қилиш ҳуқуқига, шунингдек, тарафлар, учинчи шахслар ёки қонуний вакилнинг ҳуқуқий ворислари ҳам эга. Шахснинг биринчи инстанция судида қатнашаётган вакили, шу жумладан, адвокат, агар бундай ҳуқуқ ваколат берувчи томонидан берилган ишончномада махсус кўрсатилган бўлсагина, суд ҳужжати устидан апелляция, кассация тартибида шикоят қилишга ҳақли. Агар қонунда бошқа муддат белгиланмаган бўлса, апелляция шикояти суднинг ҳал қилув қарори устидан ҳал қилув қарори чиқарилган кундан эътиборан йигирма кун ичида, кассация шикояти эса, у қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкин. Апелляция, кассация шикояти бериш (протест келтириш) муддати ўтишининг бошланиши, тегишлича ҳал қилув қарори чиқарилган ёки қонуний кучга кирган куннинг эртасидан ҳисобланади. Судларга қонунда апелляция, кассация тартибида иш юритиш предмети бўйича муайян истиснолар белгиланганлиги тушунтирилмоқда. Жумладан, қонунда шикоят қилиниши назарда тутилмаган ёки ишнинг кейинги ҳаракатланишига тўсқинлик қилмайдиган ажримлар устидан (масалан, аризани иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш, иш муҳокамасини кейинга қолдириш ҳақида) апелляция, кассация тартибида шикоят (протест) берилмайди.
Йиғилишда таъкидланганидек, муҳокама этилган Пленум қарорлари фуқаролик ва маъмурий ишларни қонуний ҳамда адолатли ҳал этишда фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга, қонун ҳужжатларининг суд амалиётида аниқ ва бир хилда татбиқ этилишига, ягона суд амалиётини шакллантиришга, шунингдек янги қабул қилинган қонун ҳужжатларини амалиётда янада самарали қўлланилишига хизмат қилади.
Шунингдек, йиғилишда Пленум қарорларининг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятини аҳолига, тадбиркорларга, давлат органлари ва ташкилотлар ходимларига, фуқаролик ишлари бўйича судлар ва маъмурий судлар судьяларига тушунтириш бўйича вилоятларда ва маҳаллаларда тадбирлар амалга оширилиши лозимлиги қайд этилди.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати