Иқтисодиёт вазирлиги ҳузурида 38та штат бирлигидан иборат бўлган Тармоқ бозорлари ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришлар тадқиқотлари маркази давлат унитар корхонаси ташкил этилади.
Президентимиз томонидан “Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга имзо чекилди. Савдо механизмларини янада такомиллаштириш, товар бозорларида соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва харажатларни камайтириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш каби мақсадларда қабул қилинган мазкур ҳужжат моҳияти навбатдаги шарҳимиздан ўрин олган.
Бу жонсарак дунёда кўпчилигимиз андак нақдпараст, замонавий тилда “прагматик” бўлиб кетгандекмиз. Яъни “Юзта сиз-биздан – битта жиз-биз”, “Насияни ўғрига чиқарган”, “Олисдаги қуйруқдан кўра – яқиндаги сомон пеш” тахлит нақллар урфда. Нима ҳам дердик, бозор қоидаси шу шекилли: ол, сот, ишлаб чиқар, ҳақингни ол, аммо ҳаддингдан ошма… Нима бўлганда ҳам, бу қоидалараро битта жиҳат – эркинликнинг бўлгани яхши, қўлга-ю тилга тушов солинмагани дуруст. Ўшандагина бозор дегани рисоладагидек ишлай бошлайди. Фақат шундагина маҳсулотингни бехавотир сотиб, ҳақини оласан, молингга-ю кармонингга ҳеч ким дахл қилмайди. Бевосита фармонга ўтадиган бўлсак, номининг ўзи ҳам айтиб турганидек, унинг мақсади – бозордаги савдони янада эркинлаштириш. Бундай дадил чоранинг боиси ҳам ҳужжатда аниқ-тиниқ ёзиб қўйилган: товар бозорларининг ҳозирги ҳолати, улгуржи ва биржа савдосининг ривожланиш даражаси замонавий талабларга жавоб бермайди. Бир қатор муаммолар бор. Хўш, улар нималарда намоён бўлмоқда, деган савол туғилмоғи ҳам табиий…
Масалан, улгуржи савдонинг ривожи паст, чунки бундай савдони амалга оширишни лицензиялашда ҳам, бу каби фаолият тури билан шуғулланадиган савдо корхоналарини солиққа тортишда ҳам – махсус тартибга амал қилиб келинган. Қўшимча вақтни-ю харажатларни талаб қилувчи мазкур тамойил – кейинчалик қайта ишланадиган ярим тайёр ва саноат маҳсулотларини етказиб бериш даражасига ҳам акс таъсир қилган. Ахир “шохига урсанг, товони зирқирайди”, соддароқ айтганда, балиқнинг хўрагини улгуржи сотиб олишда чиққан муаммо – балиқ сотганда ҳам таъсир қилади.
Бу каби муаммолар улгуржи ва биржа савдолари билан шуғулланадиган субъектларнинг устав сармояларида давлат улуши юқори бўлиб, шу сабаб турфа чекловлар жорий этилганида ҳам, ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчи дегани – мамлакатда ва ёхуд хорижда ишлаб чиқарилган талабгир маҳсулот – бизда ўзи қанча ишлаб чиқарилгани ёки қанча олиб кирилаётгани ҳақидаги маълумотга эга эмаслигида ҳам бўлган.
Инчунун, мамлакат раҳбарининг “Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига биноан, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб:
- улгуржи савдони амалга оширишни лицензиялаш ва улгуржи савдо корхоналарини солиққа тортишнинг махсус тартиби;
- акциз солиғи солинадиган товарларнинг айрим турлари (масалан, автомобиль, ўсимлик ёғи, алкоголь ва бошқалар) ишлаб чиқарилишини ҳисобга олиш ва сотишнинг махсус тартиби;
- кўчма савдо учун рухсатнома ҳужжати олиш талаби;
- давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган корхоналар контрагентлари билан ўзаро муносабатларда – кечиктирилган дебиторлик қарз учун санкциялар қўллаш;
- давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган корхоналар учун ички бозорда олдиндан 15 фоиз тўловни амалга оширишга доир талаблар бекор қилинади.
Бундан ташқари, фармон иловасида келтирилган рўйхатга асосан, айрим турдаги товарлар, дейлик, ўсимлик мойи, шакар, рудалар ва вольфрам концентратлари каби ва бошқа – жами 9 турдаги маҳсулот экспортига бўлган амалдаги чеклов олиб ташланади.
Фармон билан юқори ликвидли товарларни биржа савдосига чиқариш жадвалларини давлат рақобат қўмитаси билан олдиндан келишиб олинишидек тажрибага барҳам берилади.
Амалиётдан чиқарилиб юбориладиган тартиботлардан сўнг, янгидан жорий қилинадиганларини ҳам айтиш керак. Бекор қилинишлардан икки ой олдин, яъни 2018 йилнинг 1 ноябридан бошлаб, товар-хомашё биржаларига – биржада сотиладиган маҳсулотларни сақлаш ва логистика қиладиган шўъба хўжалик жамоалари тузиш, шунингдек, ахборот-коммуникация технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш ҳуқуқи берилади.
2018 йилнинг 1 ноябридан бошлаб: энг кам ойлик иш ҳақининг 20 бараваридан ортиқ миқдорда кунлик ўртача нақд пул тушуми бўлган хўжалик юритувчи субъектлар – нақд пулни инкассация хизматлари орқали ёки мустақил топширишлари; энг кам ойлик иш ҳақининг 20 бараваридан кам нақд пул тушуми бўлган субъектлар эса – инкассация хизматлари орқали ўзлари белгилаган даврда ёки мустақил равишда топшириш имконига эга бўладилар.
Яна бир янгилик. Эндиликда юридик ва жисмоний шахслар интернет тизими орқали 5 минг долларгача бўлган тўловларни халқаро тўлов тизими орқали, харидор билан ёзма шартнома тузмасдан, ташқи савдо операциялари ягона электрон ахборот тизимига киритмасдан ҳамда юкнинг божхона декларациясини расмийлаштирмасдан амалга оширишлари мумкин бўлади. Жисмоний шахсларга эса – қиймати 5 минг долларгача бўлган экспорт қилиниши чекланмаган товарларни Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишларига рухсат берилади.
Биржада банд бўлган субъектларни рағбатлантириш нуқтаи назаридан, солиқ борасида ҳам имтиёзлар берилади.
Ташкилий тадбирлар билан боғлиқ яна бир янгиликни айтмасак бўлмас: Иқтисодиёт вазирлиги ҳузурида 38 та штат бирлигидан иборат бўлган Тармоқ бозорлари ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришлар тадқиқотлари маркази давлат унитар корхонаси ташкил этилади.
Фармонда, шунингдек, манфаатдор вазирлик ва идораларга жорий этилаётган ўзгаришларни кенг халқ оммасига тушунтириш важидан мамлакат бўйлаб семинарлар ўтказиш, яқин қўшниларимиз, Ҳамдўстлик давлатлари, дейлик, Россия ва Қозоғистон билан монополияга қарши курашни мувофиқлаштириб бориш мақсадида тегишли Шартномани парламент томонидан ратификация қилиш ва бошқа вазифалар ҳам белгилаб берилган.
Ҳужжат қабул қилинди, энди уни ижро этиш керак. Якунда фақат бир ҳақиқатни айтиб ўтмоқчи эдик: бозор дегани эркин бўлса, унга замон замзамаси-ю давр долғалари ҳукмини ўтказа олмасагина, у ростмана бозор ҳисобланади. Дарвоқе, давлатнинг экспорт ва импорт деган – тараққиёт тарозисининг икки палласи баравар келишиям лозим. Шунда маъмурлик бўлади, савдо-сотиқнинг ҳалол даромади эса барчага буюради. Бугунги фармон амалий ижроси бу мақсадга бизни тезроқ элтади.