Ўзбекистонда омбудсманга янги ҳуқуқ берилди

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонун 15 ноябрь куни президент томонидан имзоланди.

Қонун Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини тартибга солади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) мансабдор шахс бўлиб, у давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга оширади.

 Омбудсман фаолияти қуйидаги асосий принциплардан иборат:

  • қонунийлик;

  • мустақиллик;

  • адолатлилик;

  • инсонпарварлик;

  • камситишга йўл қўймаслик;

  • холислик.

Сайланиш куни 30 ёшга тўлган, камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон фуқароси омбудсман лавозимига сайланиши мумкин.

Қонун билан Омбудсман Қонунчилик палатаси ва Сенат томонидан 5 йил муддатга сайланади ва айни бир шахс омбудсман лавозимига сурункасига икки муддатдан ортиқ сайланиши мумкин эмаслиги белгиланди.

Омбудсман сиёсий партияга аъзоликни ёки унда иштирок этишни ўз ваколатлари муддатига тўхтатиб туриши ёхуд тугатиши шарт бўлиб, шунингдек, илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.

Омбудсман фуқароларнинг шикоятлари асосида ўз текширувини ўтказиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди.

Қонунга кўра, омбудсман фуқароларнинг, республика ҳудудида турган чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг, юридик шахсларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган ташкилотларнинг ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёхуд ҳаракатсизлиги устидан берган шикоятларини кўриб чиқади ҳамда ўз текширувини ўтказиш ҳуқуқига эга.

Омбудсман мурожаат этувчига унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида маълум бўлиб қолган пайтдан эътиборан ёки бошқа воситалардан фойдаланган ҳамда қабул қилинган қарорлардан қаноатланмаган бўлса, унинг шикояти бўйича охирги қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан бир йил ичида берилган шикоятларни кўриб чиқади.

Қуйидагилар омбудсманнинг таъсир чоралари ҳисобланади:

  • огоҳлантириш;

  • тақдимнома;

  • илтимоснома.

Омбудсман қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Қонунчилик палатасига киритишга ҳақли.

Омбудсман ва унинг ўринбосари Ўзбекистон ҳудудида ҳаво, темир йўл, автомобиль йўловчилар транспортида (бундан такси ва шаҳар йўловчилар транспорти мустасно) имтиёзли юриш ҳуқуқига эга.

Ушбу қонун Қонунчилик палатасининг 17 сентябрь куни ўтказилган мажлисида депутатлар томонидан қабул қилиниб, Сенатда 10 октябрь куни маъқулланганди