Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги мактабларда қишки таътил 24 январга қадар узайтирилганини маълум қилди. Мазкур қарор «халқ таълими тизимидаги директор, директорнинг ўқув ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари ҳамда педагог-ўқитувчиларнинг халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқарилган Миллий ўқув дастурлари асосида малакаларини ошириш курсларини ташкил этиш» мақсадида қабул қилинди.
«Таътил кунлари давомида, ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида улар учун онлайн фан олимпиадалар, интеллектуал ўйинлар, китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган беллашувлар ва турли танловлар ташкил этилади», дейилади хабарда.
Бундан ташқари, халқ таълимининг ижтимоий тармоқлари ҳамда Миллий телерадиокомпания телеканаллари орқали турли тўгараклар фаолияти йўлга қўйилади.
6 январь куни ОТМ талабалари ҳамда касб-ҳунар таълим муассасалари ва академик лицей ўқувчилари учун ҳам таътил 24 январгача узайтирилгани хабар қилинган эди.