Президентнинг 2021 йил 6 июлдаги ПҚ-5177-сон “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқКоррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди.
Намунавий низом коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг мақсади, вазифа ва функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
Намунавий низом давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50%дан юқори ташкилотларга татбиқ этилади.
Назорат тузилмалари ўз ташкилотларида коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш, уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш чораларини кўришга масъул ҳисобланади.
Назорат тузилмалари ўз фаолиятида бевосита давлат органининг биринчи раҳбарига бўйсунади. Улар давлат органлари ва ташкилоттлари томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан биргаликда ўтказиладиган очиқ танлов асосида ишга қабул қилинади, лавозимидан озод этиш масаласи Агентлик билан келишилади.
Қуйидагилар коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг асосий вазифалари ҳисобланади:
ташкилотнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятини такомиллаштириш;
ташкилотда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш ва уларга қарши курашиш;
ташкилотда коррупцияга қарши курашиш тизимини самарали ишлашини таъминлаш ва мониторинг қилиш;
коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи бошқа давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорликни олиб бориш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 8.09.2021 йилдан кучга кирди.