2018 йил 24 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.
Видеоконференц-алоқа тарзида ўтказилган мажлисда Олий суд судьялари, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий ва иқтисодий судлар, ҳарбий судлар раислари ва судьялари, Олий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Олий суд раиси К. Комилов олиб борган мажлисда янги таҳрирдаги «Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида», «Судлар томонидан жиноят ишларини апелляция ва кассация тартибида кўриш амалиёти тўғрисида» ва «Фуқаролик ишларини суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисида»ги Олий суд Пленуми қарорлари лойиҳалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Пленум мажлисида муҳокама этилган «Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қарор лойиҳаси амалдаги қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилгани ҳамда тергов-суд амалиётида айрим муаммолар келиб чиқаётгани муносабати билан ишлаб чиқилди. Мазкур қарор лойиҳаси билан судларнинг эътибори шахснинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда белгиланган тартибда исботлангунга қадар айбсиз ҳисобланиши ҳақидаги Конституцияда мустаҳкамланган айбсизлик презумпциясига қатъий риоя этиш зарурлигига қаратилмоқда. Шу муносабат билан ҳар бир иш бўйича иш юритувда жиноят-процессуал қонуни нормаларига қатъий амал қилиш шартлиги тўғрисидаги Жиноят-процессуал кодексининг 11-моддасида (қонунийлик) белгиланган талабларга суриштирув, дастлабки тергов органлари ва суд томонидан қатъий риоя этиш муҳим аҳамият касб этади.
Суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан қонун нормаларини аниқ бажариш ва унга риоя этишдан ҳар қандай чекиниш, у қандай сабабга кўра, юз берганлигидан қатъи назар, шу йўл билан олинган далилларнинг номақбул (яроқсиз) деб топилишига олиб келади. Ўз навбатида, номақбул далиллар юридик кучга эга бўлмай, улардан Жиноят-процессуал кодексининг тегишли моддаларида назарда тутилган ҳолатларни исботлаш учун фойдаланиш ҳамда уларни айблов асосига қўйиш мумкин эмас. Шу муносабат билан Пленум қарори лойиҳасида исбот қилиш жараёнида далилларнинг мақбуллиги тўғрисидаги масалани тўғри ҳал этиш муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
Далиллар мақбуллигининг шартлари эса, қуйидагилардан иборат: далил тегишли субъект томонидан, яъни далилни олиш билан боғлиқ бўлган процессуал ҳаракатни ўтказишга ваколатли мансабдор шахс томонидан олинган бўлиши; фактга оид маълумотлар фақат Жиноят-процессуал кодексининг 81-моддасининг (далилларнинг турлари) 2-қисмида қайд этилган манбалардан олинган бўлиши; далил уни олиш билан боғлиқ процессуал ҳаракатни ўтказишга оид қоидалар ва тартибга риоя этилган ҳолда олинган бўлиши; далилни олишда тергов ва суд ҳаракати жараёни ва натижаларининг қайд этилишга доир қонуннинг барча талабларига амал қилинган бўлиши. Пленум қарори лойиҳасида далиллар мақбуллигига таалуқли юқорида санаб ўтилган шартлардан бирортасига амал қилмаслик далилнинг номақбул деб топилишига асос бўлиши белгилаб қўйилди.
Шунингдек, йиғилишда Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиришлар киритилгани, суд амалиётида айрим масалалар келиб чиқаётгани ҳамда қонун нормаларини амалда бир хил қўллаш ва ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида ишлаб чиқилган «Судлар томонидан жиноят ишларини апелляция ва кассация тартибида кўриш амалиёти тўғрисида»ги Пленум қарори лойиҳаси ҳам иштирокчилар томонидан муҳокама қилинди. Ушбу қарор лойиҳасида апелляция, кассация инстанцияси жиноят процесси иштирокчиларига уларнинг иши юқори инстанция судида қайта кўрилишига бўлган ҳуқуқлари таъминланишига қаратилган муҳим ҳуқуқий воситаси ҳисобланиши қайд этилмоқда. Жиноят-процессуал кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ апелляция, кассация тартибида иш юритиш маҳкум (оқланган шахс), унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили, жабрланувчи ва унинг вакили, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ҳамда улар вакилларининг шикояти, шунингдек, прокурор ва унинг ўринбосари протести бўйича қўзғатилади. Апелляция, кассация тартибида иш юритиш Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ ҳукмнинг ўз ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига дахлдор қисми устидан шикоят бериш ҳуқуқига эга бошқа шахслар томонидан ҳам қўзғатилиши мумкин. Улар жумласига қонунда белгиланган тартибда процесснинг у ёки бу иштирокчиси сифатида эътироф этилмаган, бироқ ўзининг ҳақиқий ҳолатига кўра суд ҳимоясига муҳтож бўлган шахслар (гаров берувчи, мулки хатланган шахс ва бошқалар) киради. Шу муносабат билан биринчи инстанция суди шикоят (протест) ни қабул қилиш пайтида апелляция, кассацияшикояти (протести) берган шахснинг бундай ҳуқуққа эгалигини текшириши шарт. Қонунга кўра апелляция, кассация шикояти (протести) ҳукм чиқарган суд орқали берилади.
Маълумки, фуқаролик ишларини тегишлича ва тўлиқ равишда суд муҳокамасига тайёрлашни амалга ошириш ҳақидаги қонун талабларига риоя қилиш, ишни белгиланган муддатда кўриш ва қонуний ҳал этишнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади. Пленум мажлисида муҳокама этилган «Фуқаролик ишларини суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси фуқаролик ишларини суд муҳокамасига тайёрлашни тартибга солувчи қонун нормаларини тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди. Фуқаролик процессуал кодексининг биринчи инстанция судида иш юритишни тартибга солувчи қоидаларига мувофиқ, судлар ушбу кодексда назарда тутилган суд муҳокамасига тайёрлашнинг барча зарур ҳаракатларини амалга оширилганидан сўнггина ишни кўришга киришишга ҳақли. Қарор лойиҳасида судларнинг эътибори ишларни суд муҳокамасига тайёрлаш барча даъво ва алоҳида тартибдаги ишлар бўйича уларни тўғри ва ўз вақтида кўрилиши ҳамда ҳал этилишини таъминлаш мақсадига эга бўлган фуқаролик процессининг мустақил босқичи ҳисобланиши ҳамда мажбурийлигига қаратилган.
Йиғилишда таъкидланганидек, муҳокама этилган Пленум қарорлари жиноят ва фуқаролик ишларини қонуний ҳамда адолатли ҳал этишда фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга, қонун ҳужжатларининг суд амалиётида аниқ ва бир хилда татбиқ этилишига, ягона суд амалиётини шакллантиришга, шунингдек янги қабул қилинган қонун ҳужжатларини амалиётда янада самарали қўлланилишига хизмат қилади.
Эътиборлиси, Пленум мажлисида мазкур қарорларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятини аҳолига, суриштирув ва дастлабки тергов органлари ходимларига, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судлар судьяларига тушунтириш бўйича вилоятларда ва маҳаллаларда тадбирлар амалга ошириш лозимлиги қайд этилди.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.