Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “2019-2020 йилларда Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказлари биноларини қуриш ва реконструкция қилиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат билан Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказлари биноларини қуриш ва реконструкция қилиш юзасидан 2019 – 2020 йилларга мўлжалланган дастур тасдиқланиши мумкин.
Объектларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг “Ягона буюртмачи хизмати” Инжиниринг компаниялар – буюртмачи этиб белгиланади;
бош лойиҳачи ва бош пудратчи ташкилотлар белгиланган тартибда танлов (тендер) савдолари орқали аниқланади.
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Қурилиш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда объектларни қуриш учун ер участкаларини аниқлайди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қурилиш вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда 75, 100 ва 200 ўринли Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказларининг лойиҳаларини ишлаб чиқишни ва намунавий лойиҳаларни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқарув миллий агентлиги қошидаги Лойиҳаларни ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказида комплекс экспертизадан ўтказишни таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2019 йилги Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини ҳамда 2020-2022 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурини 2020 йилга шакллантириш жараёнида объектларни молиялаштириш учун Буюртмачиларнинг асослантирилган ҳисоб-китоблари бўйича зарур маблағлар ажратишни назарда тутади.
Белгилаб қўйилишича, объектларни қуриш ишларини молиялаштириш Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастурида ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурида назарда тутилган марказлаштирилган капитал қўйилмалар доирасида, реконструкция қилиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги қурилиш-монтаж ишлари сифатли бажарилиши юзасидан ўрнатилган тартибда қурилиш назоратини ўрнатади.