Британиянинг “The Economist” нашри анъанавий тарзда ҳар йили демократия соҳасида энг катта ютуқларга эришган давлатни “Йил мамлакати” деб эълон қилади. Бу сафар бундай номга Ўзбекистон муносиб деб топилди.
“Уч йил аввал давлат раҳбари бўлган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кейинги йилда салмоқли даражада жадаллашган ислоҳотларни бошлади”, дейилади Британиянинг нуфузли журнали «The Economist» мақоласида.
Марказий Осиё давлатлари билан чегараларда кўплаб чегара-ўтказиш пунктларининг очилгани илгари борди-келди қила олмаган оилаларнинг бирлашишига хизмат қилди.
Мамлакат иқтисодиётини ислоҳ қилиш жараёнларида ёрдам бериши учун хорижий технократлар таклиф этилмоқда.
Янги йилга қадар Ўзбекистонда парламент сайловлари бўлиб ўтади. «The Economist»нинг қайд этишича, айрим депутатликка номзодлар ҳукуматни танқид қилмоқда, илгари буни тасаввур ҳам этиб бўлмасди.
Ўзбекистон ҳали узоқ йўлни босиб ўтиши керак, лекин жаҳонда бошқа ҳеч бир мамлакат 2019 йилда Ўзбекистончалик олдинга силжигани йўқ, деб эътироф этади журнал.