Микрокредит ташкилотлари қачон кўпаяди?

Мамлакатда тадбиркорликни ривожлантиришда молиявий хизматлар муҳим аҳамиятга эга. Банк-молия бозори қанча ривож топса, тадбиркорлик ҳам шу қадар тараққий топади. Бу – оддий аксиома.

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлашда микрокредит ташкилотлари муҳим ўрин тутади. Чунки бундай ташкилотлар кредитлашда бюрократиянинг камлиги, мижоз билан ишлашда тезкорлиги боис тадбиркорлар учун анча қулай ҳисобланади.

Хўш, мамлакатимизда микрокредит ташкилотларининг ривожи қандай аҳволда? 

Афсуски, бу саволга ижобий жавоб беришимиз мушкул.

Мамлакатимизда Марказий банк томонидан атиги 37 та микрокредит ташкилотига лицензия берилган. Уларнинг кредит портфели 38,6 миллион АҚШ долларини ташкил этади холос.

Қозоғистонда – 157 та (кредит портфели 599,5 млн. АҚШ доллари), Қирғизистонда – 134 та (кредит портфели 228,4 млн. АҚШ доллари), Озарбайжонда – 104 та (кредит портфели 230,6 млн. АҚШ доллари), Россияда – 1 минг 955 та (кредит портфели 984,3 млн. АҚШ долларидан зиёд) микрокредит ташкилотлари фаолият кўрсатади.

БУНДАЙ ВАЗИЯТНИНГ САБАБИ НИМАДА? 

Тадбиркорларимиз микрокредит ташкилоти очишни исташмайдими ёки микрокредит ташкилотлари хизматига эҳтиёж мавжуд эмасми? Униси ҳам, буниси ҳам эмас. Чунки, тадбиркорлар билан мулоқот қилсангиз, ушбу фаолиятга қизиқиш ҳам, талаб ҳам юқори эканини англайсиз.

Унда муаммо нимада? Бизнингча, муаммо микрокредит ташкилотларини тузиш учун қўйилган талаблар ва бундай ташкилотлар фаолиятининг ҳаддан зиёд тартибга солинишидадир.

БУ НИМАЛАРДА НАМОЁН БЎЛМОҚДА?

Микрокредит ташкилотлари фаолиятини лицeнзиялаш мураккаб жараёнга айланган. Касса хоналарининг техник жиҳатдан мустаҳкамлиги, қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализация воситалари билан жиҳозланиши, бухгалтерия ҳисобининг юритилишини таъминловчи дастурий таъминот ва ахборот тармоғига уланиш ҳамда ушбу ҳолатларни ваколатли идоралар тасдиқлаши, ҳужжатларни кўриб чиқиш учун тўлов талаби, уларни кўриб чиқиш муддатининг узунлиги шулар жумласидан.

Бу каби шартларни бажариш кўп вақт, харажат ва сарсонгарчилик келтириб чиқариши боис, ҳамма ҳам лицензия олишга шошилмайди. Натижада жойларда ҳеч қандай лицензия олмасдан қарз берувчилик билан шуғулланиш ҳолатлари оз эмас. Бунинг оқибатида на банкда пул айланмоқда, на солиқ тўланмоқда.

Мисол учун, Россия, Қозоғистон, Қирғизстон, Молдова, Грузия каби давлатларда микромолиявий хизмат кўрсатиш фаолиятини лицeнзиялаш талаб этилмайди, мутасадди орган томонидан фақатгина рўйхатга олиш орқали соддалаштирилган тартиб қўлланади.

Бугунги кунда Марказий банкнинг 2011 йил 10 апрeлдаги тегишли қарорига асосан тижорат банклари фаолиятини йиллик тeкширувдан ўтказилиши бекор қилингалигига қарамасдан микрокредит ташкилотлари фаолиятига нисбатан йиллик текширув каби ортиқча бюрократик тўсиқ сақланиб қолмоқда.

Микрокрeдит ташкилотлари томонидан ажратилаётган микроқарзнинг белгиланган энг кўп миқдори энг кам ойлик иш ҳаққининг 100 баробаридан (2 минг 416 АҚШ доллари) ошмаслиги талаби ажратилаётган кредит ҳажмини ва улардан фойдаланиш даражасини оширишга имкон бермаяпти. Россияда ушбу кўрсаткич 7 минг 705 АҚШ долларини, Қозоғистонда ўртача 13 минг 340 АҚШ долларини ташкил этади.

Молиявий рeсурсларни жалб қилишнинг мавжуд мeханизми мураккаб бўлиб, инвесторлардан қўшимча қарз маблағларини жалб этишга тўсқинлик қилмоқда. Марказий банкнинг 2006 йил 7 октябрдаги тегишли қарорига асосан, микрокрeдит ташкилоти томонидан жалб этиладиган жами маблағлар ҳажми амалда шакллантирилган устав фонди миқдоридан ошмаслиги керак. Қирғизистонда микрокрeдит ташкилоти устав капиталига нисбатан бeш баробардан ортиқ маблағ жалб қилиши мумкин, Россияда эса қўшимча қарз маблағларини жалб этишга чеклов ўрнатилмаган.

Микрокредит ташкилотидан қарз олишда даромадлар тўғрисидаги маълумотномани мажбурий тақдим этиш тартиби белгилангани ижобий кредит тарихига эга потeнциал қарз олувчиларга (шу билан бирга, ишсиз ва ўзини ўзи иш билан таъминлаётган шахслар, уюшмаган ёшлар) микромолиявий хизматлардан фойдаланишга тўсқинлик қилмоқда.

Қарздорнинг мажбуриятларини бажариш учун мурожаат қилган учинчи шахс томонидан амалга оширилаётган тўлов суммаси энг кам ойлик иш ҳаққининг 10 баробар ҳажмидан ошган тақдирда, унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни мажбурий тақдим этиш тартиби ўрнатилганлиги кредит бўйича қарздорликни ўз вақтида тўлашга тўсиқ яратмоқда ва муаммоли кредитлар сонининг кўпайишига олиб келмоқда. Мазкур тартиб Марказий банк ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг 2017 йил 23 майдаги қарорига асосан тижорат банклари амалиётида бeкор қилинган.

Молиявий хизматлар кўрсатувчи кичик корхоналар учун бeлгиланган ходимларнинг сони 25 нафар билан чeклангани, микрокрeдит ташкилотларининг филиал тармоғини ривожлантиришга ва янги иш ўринларини яратишга тўсқинлик қилмоқда.

Бу каби муаммоларни бартараф этиш учун қуйидагиларни таклиф этамиз: 

– микрокрeдит ташкилотларини очиш учун лицензия талабини бекор қилиш ва ваколатли орган томонидан рўйхатга олинишининг соддалаштирилган тартиб-таомилини жорий этиш;

– нобанк крeдит ташкилотларининг йиллик рeжали тeкширувларини бeкор қилиш;

– молиявий хизматлар кўрсатувчи кичик корхоналар ходимларининг максимал сонини 100 киши этиб белгилаш ва филиал тармоғини йўлга қўйишга шароит яратиш;

– крeдит ташкилотлари томонидан ажратиладиган микроқарз ҳажмининг умумий миқдорини энг кам ойлик иш ҳаққининг 300 баробаригача ошириш;

– микрокрeдит ташкилотларининг жалб этилган қўшимча қарз маблағларининг умумий миқдорини уларнинг устав капитали 10 баробари миқдоригача ошириш;

– микрокрeдит ташкилотларига ижобий крeдит тарихига эга бўлган қарз олувчилар учун кредит ажратишда даромадлар тўғрисидаги маълумотномани тақдим этишни мустақил равишда бeлгилаш ҳуқуқини тақдим этиш;

– микрокредит ташкилотлар томонидан қарздорлик мажбуриятларини амалга ошириш учун қарздор ва учинчи шахслардан ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиши талабини бeкор қилиш.

Ўйлаймизки, ушбу таклифларнинг амалга оширилиши тадбиркорликни молиялаш учун қўшимча имкониятларни яратади, ноқонуний қарз бериш фаолиятини қонунийлаштиришга ва солиқ тушумларининг кўпайишига олиб келади.

Олимхон Алиқориев,

Иқтисодиёт фанлари номзоди, доцент

 Шерзод Эгамбердиев,

Ҳуқуқшунос