Ўзбекистонда иш ташлашни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби қонунчиликда белгилаб қўйилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Қонунга кўра, агар яраштириш тартиб-таомиллари орқали жамоавий меҳнат низосини ҳал этишнинг имкони бўлмаса, меҳнат жамоаси иш ташлаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Бунда иш ташлашда қатнашиш ихтиёрий бўлиб, ҳеч кимни унда иштирок этишга ёки қатнашмасликка мажбурлаш мумкин эмас.
Иш ташлашни эълон қилиш ҳақидаги қарор ташкилот ходимларининг умумий йиғилишида қатнашаётган ходимларнинг ярмидан кўпи томонидан маъқулланиши керак. Қарор иш ташлаш бошланишидан камида бир ой олдин қабул қилинади.
Шунингдек, касаба уюшмаси қўмитаси иш ташлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинганидан кейин бир иш кунидан кечиктирмай иш берувчини ёзма равишда хабардор қилиши лозим. Иш берувчи эса бу ҳақда бир иш куни ичида жамоавий меҳнат низоларини тартибга солиш бўйича давлат органларини огоҳлантиради.
Қонун билан иш ташлашда қатнашаётган ходимларнинг ҳуқуқлари ҳам белгиланди. Хусусан, ходимнинг иш ташлашда иштирок этгани уни интизомий жавобгарликка тортиш учун асос бўла олмайди. Иш ташлаш даврида ходимнинг иш жойи ва лавозими сақланиб қолади, бироқ иш берувчи бу давр учун иш ҳақи тўламаслик ҳуқуқига эга бўлади.
Бундан ташқари, агар иш ташлаш одамлар ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлиги ёки экологик барқарорликка реал хавф туғдирса, суд қарори билан унинг бошланиши ёки давом эттирилиши 30 кунгача кечиктирилиши ёки тўхтатиб турилиши мумкин. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Шу билан бирга, айрим тоифадаги ходимларнинг иш ташлашда қатнашиши тақиқланади. Хусусан, тиббиёт ходимлари, давлат фуқаролик хизматининг айрим лавозимларидаги шахслар, ҳарбий хизматчилар, судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, шунингдек, энергия ва сув таъминоти ҳамда алоқа тизимлари ходимлари иш ташлашда иштирок эта олмайди.
Бундан ташқари, фавқулодда ҳолат ёки фавқулодда вазиятлар даврида, уруш ҳолатида ҳамда умумий сафарбарлик эълон қилинган пайтда иш ташлашлар тақиқланади. Агар иш ташлаш қонунчилик талабларини бузган ҳолда ташкил этилган бўлса, у ноқонуний деб топилади.