1 апрелдан оммавий тадбирлар ўтказишга айрим чекловлар ўрнатилади

Республика махсус комиссияси сўнгги кунларда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари ортганлиги муносабати билан мамлакатда кескин эпидемиологик ҳолат юзага келишини олдини олиш мақсадида бир қатор чекловларни ўрнатишни маъқуллади.

1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида:

  • тўйхоналарда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказишда санитария-эпидемиологик назоратни кучайтириш ва ташриф буюрувчилар сонини 100 кишидан кўп бўлмаган ҳолда ўтказиш;

Театр, кино (кинотеатр) ва концерт-томоша дастурларини ташкил этишда:

  • томоша дастурлари ўтказиладиган саройларга ташриф буюрувчи томошабинлар ҳамда хизмат кўрсатувчи ходимларнинг қатъий ниқобда (маскада) бўлишларини таъминлаш;

  • саройларнинг томошабин сиғимини инобатга олган ҳолда томошабинлар сонини 50 фоиздан оширмаслик;

  • саройларнинг томошабин ўриндиқларидан оралиқ масофани сақлаган ҳолда фойдаланилишини таъминлаш;

  • томоша дастурларига ташриф буюрувчиларнинг тана харорати назоратини ўрнатиш ҳамда тана харорати кўтарилган шахсларни дастурга кўймаслик;

  • саройларда савдо шохобчалари фаолиятини тўхтатиш (ниқоб ва антисептик воситалар савдоси бундан мустасно);

  • томоша дастурлари бўйича тарқатилаётган (сотилаётган) чипталарга «Фақат соғлом бўлсангизгина ташриф буюринг» ёзувини ёзиш орқали аҳолини огоҳликга чақириш ва бошқа томошабинларга касаллик юқиб колишининг олдини олиш чораларини кўриш;

  • томошабинларнинг бинога тартибли киришларини таъминлаш мақсадида махсус ленталар ёрдамида бир қаторли кириш ва чиқиш йўлакларини ўрнатиш тартиби белгиланди.

Томоша дастурлари ўтказиладиган саройларда карантин қоидаларига риоя қилинишини таъминлаш бўйича масъулият ташкилотчилар зиммасига юклатилади.

ССВнинг маълумотига кўра, чекловларни қабул қилишда қатор соҳа мутахассислари ва етакчи олимларнинг таклифлари инобатга олинган.