Фарғонада коронавирусга қарши эмлаш бошланди

Фарғона шаҳридаги еттита оилавий поликлиникада коронавирусга қарши оммавий эмлаш тадбирлари бошланди.  Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган контингент асосида биринчи босқичда 65 ёшдан ошганлар ва тиббиёт ходимлари эмланади.

— Дастлабки кунда 70 нафардан ортиқ шахс эмланиши кўзда тутилган. Биринчи навбатда бемор шифокор кўригидан ўтилади,- дейди Фарғона шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Муҳиддин Шокиров. — Агар унда қарши кўрсатма аниқланса, жараён кечиктирилади. Соғлом инсонга вакцина юборилгандан, сўнг  30 минут кузатув хонасида назоратда бўлади. Вирусга қарши эмланганларнинг ахволидан шифокорлар  3 кун  мобайнида хабар олишади. Бирламчи вакцинацияни олгандан кейин,  иккинчи босқич  12-24 кундан сўнг  амалга оширилади.

Вилоят бўйича  аҳоли электрон  базаси асосида қарийб 40 минг нафар  шахслар AstraZeneca вакцинасини билан эмланиши режалаштирилган. Сўнгра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, мактаб ўқитувчилари, мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари эмланиши  кўзда тутилган.

Маълумот учун, айни вақтда Фарғонага 77 000 доза Ўзбекистон–Хитой ҳамкорлигида ишлаб чиқилган ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси, шунингдек, 76 000 доза COVAX жамғармаси томонидан олиб келинган AstraZeneca вакцинаси келтирилган.

Фарғонада 2021 йилда 600 минг нафардан зиёд фуқарони COVID-19’га қарши вакцина билан мутлақо бепул ҳамда босқичма-босқич эмланиши режалаштирилган. Вилоятда эмланиши режалаштирилган 187 минг 830 нафар 65 ёшдан ошган кекса, 310 минг 534 нафар сурункали касалликлари бор шахс, 51 минг 260 нафар тиббиёт ходими, 107 минг 164 нафар мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари ходими мавжуд.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вилоят бошқармасига вакциналарни сақлаш ва ташиш сифатини яхшилаш учун БМТнинг болалар жамғармаси ЮНИСЕФ томонидан 1 та музлаткичли юк машинаси ва 19 та Минивен-Лабо автомобиллари топширилган.

Ҳозирда аҳолининг юқори хавфга эга қатламлари ҳамда тиббиёт ходимлари белгиланиб, уларни эмлаш учун 359 та мобил бригадалари ташкил этилган.