Рақамли маърифат волонтёрлари учун ёзги медиа оромгоҳ бўлиб ўтди

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги сўлим Чимён бағрида “Summer MediaCamp-2026. Рақамли маърифат волонтёрлари” ёзги медиа оромгоҳи тадбирлари бўлиб ўтди.

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган 50 нафар фаол ёшлар мазкур лойиҳада иштирок этиб, медиа саводхонлик ва рақамли технологиялар соҳасидаги билимларини мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлдилар.

Олти кун давом этган оромгоҳда иштирокчилар медиа хавфсизлик, фактчекинг, рақамли маданият, контент яратиш, мобил журналистика ҳамда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш бўйича амалий машғулотларда қатнашдилар.

Шунингдек, улар ижтимоий ташаббусларни илгари суриш, грант маблағларини жалб қилиш ва оммавий коммуникациялар соҳасидаги замонавий кўникмаларни ҳам ўзлаштирдилар.

Лойиҳа “Ўзбекистон Республикаси замонавий журналистикасини ривожлантириш маркази”, Ёшлар ишлари агентлиги ва ОАВ учун контент ишлаб чиқариш маркази ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, унда Ўзбекистон волонтёрлар уюшмаси ҳам иштирок этди. Тадбирнинг расмий ҳамкори Acwa компанияси, бош ҳомийси эса Visa Kapitalbank ҳисобланади.

Оромгоҳнинг асосий мақсади – ёшлар орасида медиа саводхонликни ошириш, уларни ёлғон ахборотларга қарши кураша оладиган, рақамли муҳитда хавфсиз ҳаракатланадиган ва жамоатчилик ташаббусларини самарали тарғиб эта оладиган етакчилар сифатида шакллантиришдан иборат бўлди.

Дастур якунида иштирокчилар томонидан ишлаб чиқилган ижтимоий ва медиа лойиҳалар экспертларга тақдим этилди. Энг яхши ташаббуслар келгусида амалга оширилиши ва қўллаб-қувватланиши режалаштирилиб олинди. Бу эса мамлакатда рақамли маданиятни ривожлантириш ва фаол ёшлар ҳамжамиятини кенгайтиришга хизмат қилади.