СЭС раҳбари Баҳодир Юсупалиев фуқаролар бирор вакцинани олишга мажбур эмаслигини маълум қилди

17 март куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари Баҳодир Юсупалиев Ўзбекистон фуқаролари бирор вакцинани олишга мажбур эмаслигини маълум қилди.

«Ҳозирги кунда ЖССТ қошидаги комиссия, ундан ташқари Европа комиссияси кўриб чиқади. Шунга яраша хулоса қилинади. Шунга қараб биз ҳам ўзимизни муносабатимизни билдирамиз. Ҳеч ким аҳолини мажбурий эмламайди. Хоҳласангиз мана AstraZeneca / Oxford, хоҳласанг Ўзбек-Хитой ёки „Спутник V“ вакцинаси. Ихтиёрий равишда эмланади. Танқислик бор, ишлаб чиқариш қуввати етмаяпти. Лекин, бугунги кунда фақат 660 мингта AstraZeneca биринчи бўлиб олиб келинди», — деди у.

СЭС раҳбари айнан қандай турдаги вакциналар Ўзбекистонга келтирилаётгани ҳақида ҳам гапирган. 

«„Спутник V“ вакцинасидан 1 миллион доза олиб келиш тўғрисида музокаралар олиб борилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигида яратилган ZF-UZ-VAC 2001 вакцинамиз ҳам бор», — деди Юсупалиев.

У, шунингдек, Хитой вакцинасини олиб келиш бўйича ҳам музокаралар олиб борилаётганини қўшимча қилган.