Ўзбекистон Адлия вазирлиги ОМТларга кириш синовларини ўтказиш бўйича янги тартибларни жорий этишни кўзда тутган президент қарори лойиҳаси бўйича хулоса берди. Ҳужжат Давлат тест маркази томонидан ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган эди.
Хулосага кўра, лойиҳага 11 йиллик мактабни тамомлаган абитуриентлар учун 10−11-синфлар дарсликлари асосида, академик лицейлар битирувчилари учун эса академик лицейлари дарсликлари асосида имтиҳон ўтказишнинг аниқ мезонларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш бўйича топшириқ киритирилиши зарур.
ДТМ, Адлия вазирлиги фикрича, имтиҳон ўтказиш учун тавсия этилувчи дарсликлар рўйхатини тасдиқлаши ҳамда тест синовларини мураккаб бўлмаган ва мақбул шаклда тузиш мезонларини ишлаб чиқиши лозим.
Адлия вазирлиги имтиҳон топширилаётган йили эмас, балки ундан аввалги йилларда таълим муассасаларини тамомлаган абитериентлардан энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида тўлов ундириш тўғрисидаги таклифни қайта кўриб чиқишни талаб қилди.
«Ўзбекистон Конституциясининг 41-моддасига мувофиқ, ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга. Таълим олиш ҳуқуқи ҳар бир фуқаронинг моддий ва жисмоний имкониятидан қатъи назар, таълим олиши учун бир хил имконият берилишини кўзда тутади. Шундан келиб чиқиб, мавжуд меъёрлар асосида ҳамда шу муносабат билан аҳоли ўртасида норозилик келиб чиқиш эҳтимолини ҳисобга олган ҳолда энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида тўлов ундиришнинг мақсадга мувофиқлигини қайта кўриб чиқиш зарур», — дейилади хулосада.
Вазирлик ҳужжат лойиҳасида акс эттирилган мақсадлар доирасида ДТМ ваколатларини кенгайтиришнинг мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблади. «Ортиқча ва қарор лойиҳасининг тартибга солиш предмети бўлмаган 6-бандни олиб ташлаш лозим», — дейилади хулосада. Банд марказ директори лавозимини вазир даражаси билан тенглаштириш ҳамда раҳбарга идора тузилмасига ўзгартишлар киритиш ҳуқуқини беришни кўзда тутади.
Лойиҳада энг юқори балнинг 30 фоизи ва ундан юқори балл тўплаган абитуриентларга сертификатлар бериш тартиблари келтириб ўтилган. «Амалга оширишнинг аниқ механизмлари мавжуд бўлмаган меъёр ҳуқуқни тартибга солишда бўшлиқларни вужудга келтиради ва бу, ўз навбатида, коррупцияга йўл очади», — дейилади хулосада.
Адлия вазирлиги ДТМни жамоатчилик фикрини ҳисобга олишга чақирди ва қарор лойиҳасида илгари сурилган барча таклифларни синчковлик билан ўрганиш зарурлигини таъкидлади. Адлия вазирлиги талаблари асосида ДТМ лойиҳани қайта кўриб чиқиши ва Вазирлар Маҳкамасига киритиши лозим.