Ҳамширалар 5 кунлик чақалоқни 500 долларга сотмоқчи бўлишди

Қўқонда 5 кунлик чақалоқни пулламоқчи бўлган фуқаролар қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментнинг Фарғона вилоят бошқармаси ва Қўқон шаҳар бўлими ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Ўзбекистон туманининг тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқхона бўлими ҳамширалари А.И. ва Р.Қ.лар, фуқаро Г.Т.нинг 5 кунлик ўғил фарзандини туғруқхона бўлимида фуқаро М.Р.га 500 АҚШ долларига сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан А.И. ва Р.Қ.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.