Антикоррупция агентлигига 2023 йилда энг кўп мурожаат таълим соҳаси бўйича келиб тушган

Коррупцияга қарши курашиш агентлигига 2023 йилда энг кўп таълим соҳаси ходимлари хатти-ҳаракатлари ва соҳадаги қонун бузилиш ҳолатлари бўйича мурожаат келиб тушган. Бу ҳақда агентлик ахборот хизмати раҳбари Шерзод Сапаров маълум қилди.

Унинг билдиришича, таълим соҳасидаги коррупция бўйича 2023 йилда 511 та мурожаат келиб тушган.

Шунингдек, ўтган йил давомида 3 545 та мурожаатнинг 406 таси суд қарорларидан норозиликлар, 301 таси давлат харидлари ва тендер савдолари жараёнидаги қонун бузилиши ҳолатлари бўйича бўлган.

Агентлик томонидан давлат харидлари, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш йўналишларида ўтказилган ўрганишлар натижасида аниқланган қонун бузилишларни бартараф этиш юзасидан вазирлик ва идораларга 225 та тақдимнома, жавобгарлик масаласини ҳал қилиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 227 та сўровнома юборилди.

Юборилган сўровномалар асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан 23 та жиноят иши ва 96 та маъмурий ишлар қўзғатилди, 74 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди.

Ўтган йили амалга оширилган маъмурий ислоҳотлардан сўнг 90 та давлат органи ва ташкилотлари, шу жумладан банкларда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилди.