Янги конституция нормалари амалда

Сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида, хусусан суд ҳокимиятининг мустақиллиги, судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий таъминоти, аҳолининг судга бўлган ишончини ошириш борасида салмоқли ислоҳотлар амалга оширилди. Бу эса, ўз навбатида асосий қонунимиз бўлган Конституцияда муайян қоидаларни акс эттириш, яна бошқаларини ўзгартириш эҳтиёжини юзага келтирди.

Мазкур ҳаётий заруратдан келиб чиқиб, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинди.

Мазкур Конституцияда аввалги таҳрирдаги конституциялардан фарқли бир қатор ҳалқчил нормалар акс эттирилдики, суд амалиётининг айни вақтдаги тахлили, мазкур нормалар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари суд томонидан ҳимоя қилинишида дастурул-амал бўлиб хизмат қилаётганини кўрсатади.

“Акмал” (исм ўзгартирилган) Россия федерациясига ишлаш мақсадида борган эди, бироқ тўғри йўлдан адашиб, жиноят кўчасига кириб қолди. Мазкур давлат қонунчилигига кўра, қилмишига яраша жавобгарликка тортилиб, озодликдан махрум қилиш жазосини ўтаб чиққандан сўнг, Ўзбекистонга қайтиб келди.

Бирор иш бошлаш мақсадида ўйланиб юрган вақтида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 июндаги ПҚ-299-сон қарори билан тасдиқланган “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш бўйича “дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети”ни бериш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига кўзи тушди.

Низомнинг 6-бандига кўра, кўмак олувчиларга ёрдам пуллари туман (шаҳар) ҳокимлари раҳбарлигида ташкил этилган, озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш бўйича “дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети”ни бериш масаласини кўриб чиқувчи идоралараро доимий комиссияларнинг қарорлари асосида берилади, 20-бандига кўра, идоралараро комиссиянинг кўмак олувчилар тақдим этган лойиҳани молиялаштириш юзасидан киритган хулосаси Идоралараро комиссия раиси томонидан тасдиқлангандан сўнг ишчи орган бир иш куни мобайнида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига тегишли маълумотларни киритади ва хулосани туман (шаҳар) ҳокимликларининг молия бўлимларига юборади деб белгиланган эди.

Унинг мурожаатига асосан, Фарғона шаҳар идоралараро доимий комиссиясининг қарори билан “Акмал”нинг Россия Федерациясида озодликдан махрум қилиш жазосини ўтаб бўлгани инобатга олиниб, тадбиркорлик, меъморчилик, хунармандчилик каби йўналишлардаги лойиҳаларини амалга ошириш учун ёрдам пули берилиши белгиланди.  

Бироқ, фуқаронинг муаммолари шундан сўнг бошланди. Чунки, ички ишлар органи “Акмал” озодликдан махрум этиш жазосини чел элда ўтаганини важ қилиб, тўпланган ҳужжатларни молия органига юборишни рад қилди.

Шундан сўнг, “Акмал” ўз ҳуқуқларини тиклашни сўраб Фарғона туманлараро маъмурий судига мурожаат қилди.

Натижада, суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 июндаги ПҚ-299-сон қарори билан тасдиқланган “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш бўйича “дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети”ни бериш тартиби тўғрисида”ги Низомда озодликдан махрум этиш жазосини чел элда ўтаган фуқароларга ушбу Низом қоидалари қўлланилмаслиги тўғрисида норма белгиланмагани, бундай ҳолатда, ички ишлар органларининг ҳаракати фуқаронинг ҳуқуқларини бузгани тўғрисида хулосага келди.

Чунки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддасига мувофиқ, ҳар қандай манфаатдор шахс бошқа давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки мансабдор шахсларнинг ҳар қандай хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан судга шикоят қилишлари мумкинлиги белгиланган.

Конституциянинг 20-моддасига кўра, инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади деб белгилаб қўйилган.

Юқоридаги ҳолатда суд, конституцион нормага асосланиб, қонунчилик ҳужжатини қўллашдаги ноаниқликни фуқаро фойдасига ҳал қилиб, фуқаронинг бузилган ҳуқуқини тиклади.

Хулоса ўринида таъкидлаш керакки, Конституциявий ислоҳотлар бугунги кунда фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида янги даврнинг бошланишига сабаб бўлди. Хусусан, Конституциянинг суд ҳокимияти йўналишида ўзгартирилган нормалари сохани жаҳон андозалари даражасига олиб чиқишга, судни фуқаролар ва юридик шахсларнинг чинакам ҳимоячиси сифатида фаолият юритишига шароит яратди.

 

Бахтиёр Юлдашев, Фарғона вилоят маъмурий судининг судьяси;

Нозимахон Тожиева, Фарғона туманлараро маъмурий судининг судьяси.