Ўзбекистонда коррупциявий жиноят содир этган шахслар рўйхати тузилиши кутилмоқда

Ўзбекистонда коррупциявий жиноят содир этган шахслар рўйхатини юритиш ва уларнинг давлат хизматига киришларини чеклаш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган Миллий стратегия лойиҳасида кўзда тутилган.

Унда коррупцияга оид жиноятлар сабабларини аниқлаш ҳамда жиноятчилик статистикасини юритиш тизимини такомиллаштириш мақсадида бундай жиноятлар статистикасини юритишга мўлжалланган дастурий таъминот яратиш режалаштирилмоқда.

Бунда қуйидагилар назарда тутилади:

  • коррупциявий жиноятлар ва улар натижасида етказилган зарарлар ҳисобини юритиш.

  • коррупциявий жиноятлар содир этилиш сабаблари аниқлаш.

  • коррупциявий жиноят содир этган шахслар рўйхатини юритиш ва уларнинг давлат хизматига киришларини чеклаш.

Шунингдек, давлат хизматчисининг хизмат қилган соҳаси бўйича ички назорат тузилмаси томонидан жиноятнинг содир этилишига сабаб бўлган омиллар ўрганилиб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланади.

Судлар томонидан қабул қилинган қарорларнинг юқори турувчи суд ва прокурорлар томонидан Республиканинг барча ҳудудлари бўйича онлайн режимда назорат қилиш имкониятини яратилади.

Йил давомида судлар томонидан жавобгарликка тортилган шахслар ва уларга нисбатан қўлланилган жазо чоралари тўғрисида, Жиноят кодекси моддалари бўйича статистик маълумотлар ҳудудлар ва соҳалар кесимида шакллантирилади.

Бунинг натижасида коррупциявий жиноятлар статистикаси ва ушбу жиноятлар натижасида етказилган зарарлар ҳисоби юритилиб, уларнинг содир этилиш сабаблари таҳлил қилинади.

Судлар томонидан қабул қилинган барча турдаги қарорлар тизимга юкланишини ҳисобига улар томонидан нотўғри жазо тайинлаш, асоссиз жазодан озод қилиш ёки бошқа ноқонуний қабул қилинган қарорларнинг юқори турувчи суд ва прокурорлар томонидан Республиканинг барча ҳудудлари бўйича онлайн режимда назорат қилиш имконияти яратилади.