Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан шаҳарнинг А.Навоий кўчасида яшовчи Т.О.нинг шартнома асосида автолизинг компаниясига автомобил етказиб берилиши учун 46 317 000 сўм олдиндан тўловни тўлаганлиги, лекин автомобил вақтида етказиб берилмагани учун шартномани бекор қилиб тўланган пулларни қайтарилиши бўйича талаблари бажарилмай келаётганлиги хусусидаги мурожаати ўрганилиб, ўрганиш якунлари бўйича, истеъмолчи манфаатларини кўзлаб, тегишли тартибда Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туманлараро судига киритилган даъво аризаси кўриб чиқилиб, суднинг ҳал қилув қарори чиқарилди.
Маълум бўлишича, истеъмолчи 10.08.2023 йил кунида «UMID AVTO KOMPANIES» МЧЖ билан тузилган шартнома асосида 120 иш куни мобайнида «COBALT» автомашинаси етказиб берилиши учун 46 317 000 сўм олдиндан тўловни амалга оширган. Шартномада белгиланган муддат ўтгач ҳам автомобил етказиб берилавермагач, тегишли тартибда шартномани бекор қилиш ва тўлаган пулларини қайтарилишини сўраб компанияга ариза билан мурожаат қилган. Мурожаатга компания томонидан берилган жавоб хатида пул маблағи 2024 йилнинг 10 июлига қадар қайтариб берилиши ваъда қилинган бўлсада, ушбу муддат ўтгандан сўнг ҳам пулларни қайтариш чора-тадбирлари кўрилавермагач, истеъмолчи ушбу масалани қонуний ҳал қилинишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб Федерациянинг Фарғона шаҳар жамиятига мурожаат қилган.
Ишни кўриш якунларига кўра, суд жавобгардан даъвогар Т.О. фойдасига 46 317 000 сўм моддий зарар ва почта ҳаражатлари ундирилиши, даъвонинг маънавий зарар тўлаб берилишига тааллуқли қисмини эса қаноатлантириш рад этилиши бўйича ҳал қилув қарори чиқарди.