Ўзбекистондаги кибержиноятларнинг 90 фоизи чет давлатлардан туриб амалга оширилмоқда

Ўзбекистонда содир этилаётган кибержиноятларнинг 90 фоизи чет давлатлардан туриб, трансчегаравий тарзда амалга оширилмоқда. Бу ҳақда ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Рамазон Ашропов аҳолига мурожаатида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, рақамлаштириш жараёнлари билан бирга трансчегаравий киберхавфлар ҳам ортиб бормоқда. Ҳозирда Ўзбекистонда содир этилаётган деярли ҳар икки жиноятдан бири ахборот технологиялари ёрдамида амалга оширилмоқда.

Ашропов мамлакатда кибержиноятчиликка қарши курашиш, банк-молия тизимида антифрод механизмларини жорий этиш ва аҳолининг ахборот хавфсизлигини кучайтириш бўйича чоралар кўрилаётганини қайд этди. Хусусан, “Ўзбекистон-2030” стратегияси ҳамда президентнинг 2025 йил 30 апрелдаги қарори билан ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш механизмлари ва тегишли чоралар белгиланган.

Ички ишлар вазири ўринбосарининг таъкидлашича, бундай жиноятларга қарши фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар кучи билан курашиш етарли эмас. Киберфирибгарлар кўпинча фуқароларнинг эҳтиёцизлиги ва рақамли саводхонлиги етарли эмаслигидан фойдаланади. Шу сабабли ота-оналар, ўқитувчилар, маҳалла фаоллари ва бошқа фуқаролар яқинларига киберхавфсизлик қоидаларини тушунтириб бориши кераклиги айтилди.

Хусусан, ижтимоий тармоқлар орқали юборилган шубҳали ва номаълум файлларни, айниқса АПК форматидаги файлларни очмаслик ва юклаб олмаслик тавсия қилинди. Бундай файл таниш ёки яқин инсон номидан юборилган тақдирда ҳам эҳтиёт бўлиш кераклиги таъкидланди.

Шунингдек, нотаниш рақамлардан қўнғироқ қилиб, ўзини давлат идораси ёки бошқа ташкилот ходими сифатида таништирган шахсларга шахсий маълумотларни бермаслик керак. Ашроповнинг қайд этишича, фуқаролардан телефон орқали код ёки парол сўралмайди.

Аҳолига қисқа вақт ичида пулни бир неча баробар кўпайтириб беришни ваъда қилувчи сохта онлайн платформаларга ишонмаслик ҳам тавсия этилди. Интернет орқали савдо қилишда эса сотувчининг ишончлилигини текширмасдан туриб олдиндан тўловни амалга оширмаслик кераклиги билдирилди.

Ички ишлар вазири ўринбосари банк картасининг PIN коди ва телефонга келган SMS кодларни ҳеч қачон бошқа шахсларга бермаслик кераклигини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, кибержиноятлардан ҳимояланишда аҳолининг огоҳлиги ва киберхавфсизлик қоидаларига риоя қилиши муҳим аҳамиятга эга.